17:35 | 31.03.21

                       

Покистонда болаларни уришни тақиқловчи «тарихий» қонун қабул қилинди. Мамлакатда болаларни уришга қонунан рухсат берилган эди

Қонуннинг қабул қилиниши Покистонда болаларни шафқатсиз калтаклаш, ҳатто ўлимга сабаб бўладиган даражада уриш ҳолатларининг қайд этилгани билан боғлиқ

Покистон Миллий ассамблеяси (мамлакат парламентининг қуйи палатаси) болаларга нисбатан жисмоний жазо қўллашни тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Тақиқ фақат мамлакат пойтахти Исломобод ҳудудида амал қилади. Лекин янги қоидалар кучга кириши учун уни Сенат тасдиқлаши керак.

Фото: «Bugun.uz»

Қонун лойиҳасига кўра, турли ўқув муассасаларида, хусусан, диний муассасаларда, давлатга қарашли ва хусусий муассасаларда, бола боқиб олган оилаларда, реабилитация марказларида ва болаларга қаров йўлга қўйилган исталган бошқа муассасаларда болаларга нисбатан жисмоний жазо қўллашнинг тақиқланишини кўзда тутади. Тақиқ оғир-енгиллигига қарамай, ҳар қандай турдаги жазолашларга нисбатан қўлланилади. Мақсадга кўра, ушбу қонун Жиноят кодексининг 89-моддасида кўзда тутилган ва болага нисбатан «виждонан» ва «бола манфаатини ўйлаб» жисмоний жазо қўллаш имконини берадиган 89-моддадаги қоидаларни бекор қилади ҳамда болаларга нисбатан ҳар қандай мақсадда бўлмасин, тажовуз қилганлик ва тан жароҳати етказганлик учун тегишли жазо чоралари тайинланишини белгилайди.

Мактабгача таълим ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларни оммалаштириш билан шуғулланувчи «Zindagi Trust» фонди ушбу ҳодисани «тарихий» деб атаган.

Янги регламент фақат мамлакат пойтахтида амал қилишига қарамасдан, қонун ташаббускорлари Покистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам бундан ўрнак олишларига умид қиляпти.

Контекст

Покистон парламентининг қуйи палатаси томонидан қабул қилинган ва болаларга нисбатан жисмоний жазо чораларини қўллашни тақиқлашга қаратилган қонун лойиҳаси ўнг-консерватив партия бўлмиш «Покистон мусулмонлар лигаси» (PML-N) вакили, депутат Меҳноз Акбар Азиз томонидан 2019 йилда таклиф этилган эди. Ўша пайтдаёқ қонун лойиҳаси Миллий ассамблеянинг таълим масалалари бўйича доимий қўмитаси томонидан тасдиқланган. Бироқ уни бошқа қўмитага узатилганидан кейин у ерда қонун лойиҳаси кўриб чиқиш жараёнида қолиб кетди ва натижада муҳокама 15 ойга кечиктирилди. Лойиҳа шу пайтгача ҳам ўша қўмитада кўриб чиқиш жараёнида бўлган.

2019 йилда «Zindagi Trust» фонди раҳбари ва мусиқачи Шаҳзод Рой Олий судга мурожаат йўллаб, Покистон Жиноят кодексининг 89-моддасини қўллашни тўхтатишни талаб қилган эди. Ўша йилнинг ўзида судья Атара Миналла бу талабни қаноатлантирган.

2020 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича вазир Ширин Мозорий депутат Меҳноз Акбар Азиз томонидан илгари сурилган ва болаларни урганлик борасида келиб тушган шикоятларни суд ёки магистратга тақдим қилинишини кўзда тутадиган қонун лойиҳасини тақдим қилди. Авваллари шикоят киритиш тартиби мужмал эди. Қонун лойиҳаси уни қуйи палата бандма-банд тасдиқлаб чиқишидан аввалроқ киритилган эди.

Шунга ўхшаш қарор мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Лаҳорда адвокатлар Сайид Микдад Маҳдий ва Ахмар Мажид томонидан Олий судга петиция киритилгач қабул қилинган эди ва унда шаҳардаги барча мактабларда болаларга нисбатан жисмоний жазо қўллашга нисбатан тақиқ белгиланганди.

Покистонда болаларни жисмоний жазолаш борасидаги аҳвол

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниш жараёни Покистондаги таълим ташкилотларида, диний муассасаларда ва иш жойларида болаларни шафқатсиз калтаклаш ва ҳатто ўлимга сабаб бўладиган даражада уриш ҳолатларининг қайд қилиниши билан боғлиқ бир неча жиддий ҳолатлар фонида ўтмоқда.

2021 йилнинг январида Панжоб вилоятидаги мадрасалардан бирида дарсни ёдламагани учун 8 ёшли боланинг муаллим томонидан ўласи қилиб калтакланган (бола вафот этган). 2020 йилнинг июнида Исломободда бир хонадонда оқсоч бўлиб ишлаган яна бир 8 ёшли қизни ушбу уйдаги тўтиқушни учириб юборгани учун уй эгалари томонидан ўлар даражада калтакланган ва у ҳам вафот этган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шаҳзод Ройнинг таъкидлашича, Покистонда 24 миллиондан зиёд болалар мактабга бормайди ва уларнинг аксарияти жисмоний зўравонликнинг кенг тарқалгани учун мактабга қатнамайди.

Болаларга нисбатан жисмоний жазо қўллашни тақиқлаш борасидаги дунёнинг бошқа мамлакатларидаги қонунлар

Ҳозирги кунда дунёнинг 44 та мамлакатида сабабидан қатъи назар, болаларга нисбатан жисмоний жазо қўлланиши қонунчилик даражасида тақиқланган. Шу билан бирга, оила доирасида болаларни жисмонан жазолаш (бир неча қатъий чекловлар билан) учун расман рухсат берувчи қоидалар Канада, Австралия, Буюк Британия каби мамлакатларда ҳамда АҚШнинг 19 та штатида амалда мавжуд.

Болаларни мактабда ва уйда жисмонан жазолашни бутунлай тақиқлаган илк мамлакат Швеция бўлган эди. Бу 1979 йилда содир бўлган. 1978 йилда Германияда «Тинчлик мукофоти»ни топшириш маросимида нутқ сўзлаган болалар ёзувчиси Астрид Линдгреннинг чиқишидан кейин мамлакатда бу муаммога жиддий эътибор қаратила бошланган. Карлсон ва болакай ҳақидаги китобларнинг муаллифи ўз нутқида болаларга нисбатан айнан мактаб ва оилада зўравонлик ишлатилиши боисидан улар катта бўлганда агрессив бўлиб қолади, деб таъкидлаган.

Россияда болаларни жисмонан жазолаш 1917 йилда тақиқланган. 2017 йилда Россия президенти Владимир Путин оилада биринчи марта содир қилинган зўравонлик учун жазо усулини декриминаллаш ҳақидаги қонунни имзолади. Янги қонунга кўра, фақат такроран содир этилган зўравонлик учун жиноий жазо кўзда тутилган.

Тиббиётга оид, илмий тақризланувчи журнал бўлмиш «BMJ Open» нашрида 2018 йилда берилган илмий ишда қайд этилишича, болаларга нисбатан жисмоний жазо қўллашни бутунлай тақиқлаган мамлакатларда бундай тақиқни жорий қилмаган мамлакатлардагига нисбатан ёш йигитлар ва ёш қизлар ўртасидаги жанжаллар мос равишда 69 фоиз ва 42 фоизга камроқ қайд қилинар экан.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: