10:45 | 30.07.24

                       

Парламент ва Халқ депутатлари кенгашларига сайлов кампанияси бошланди

Парламент ва Халқ депутатлари кенгашларига сайлов кампанияси бошланди. Сайлов «Менинг танловим – обод Ватаним» шиори остида ўтказилади.

Марказий сайлов комиссияси 2024 йилги парламент ва Халқ депутатлари кенгашларига сайлов кампанияси бошланганини эълон қилди.

Cайловда Қонунчилик палатасидаги 150 та ўрин, Жўқорғи Кенгесдаги 65 та ўрин, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва 208 та туман (шаҳар) Кенгашларидаги депутатлик ўринлари учун кураш олиб борилади. Бу ўринлар учун 30 мингга (!) яқин номзод курашади. Бу номзодларга уларнинг 90 мингга яқин ишончли вакиллари ёрдамлашади. Шунча одамнинг сайловчилар овози учун курашини 120 мингдан ортиқ сайлов комиссиялари аъзолари ташкиллаштиради. 70 мингдан ортиқ фуқаролар ва хорижликлар сайловда кузатувчи мақомида қатнашади.

Сайловда 20 миллион атрофида сайловчи қатнашади.

«Бу майдонда номзодлар ўз ғояларини, партиялар ўз ғояларини илгари сурадилар. Бундай ғоявий хилма-хиллик сайловчиларни бироз шошириб қўйиши турган гап. Айниқса, аралаш сайлов тизимида қайси партияга овоз бериш борасида бир қарорга келиш ҳийла мураккаблик туғдириши мумкин. Бу жиҳатдан, ‘E-Saylov’ ахборот тизимининг ишлаб чиқилгани айни мудддаодир.

Биринчидан, ҳар қандай рақамлаштириш тизимдаги ҳаражатларни камайтиради. Иккинчидан, бу платформа сайловлардаги шаффофлик ва ошкораликни оширади. Учинчидан, янги ахборот тизими сайлов жараёнининг барча иштирокчилари учун қулайлик туғдиради: улар сайловга оид ахборот олишда қийналмайдилар. ‘E-Saylov’ тизими орқали сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистик маълумотлар билан танишиш, депутатликка номзодлар ҳақида ахборот олиш, номзодларнинг таржимаи ҳоли билан танишиш мумкин бўлади. Тўртинчидан, ғоявий рақобат кучайган бир шароитда бу ахборотлар инсон омилининг аралашувисиз олинади ва, демакки, сайловчилар ғоявий босимга учрамасдан, объектив маълумот олиш имкониятига эга бўладилар. Ва, бешинчидан, ҳар қандай технологик янгилик, шу жумладан, ‘E-Saylov’ тизими ҳам самара келтиради: вақтимизни, қоғозни, энергиямизни тежайди», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, 27 октябрдаги сайлов «Менинг танловим – обод Ватаним» шиори остида ўтказилиши эълон қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: