Хабарга кўра, хусусийлаштириладиган давлат мулки объектлари қуйидагилардан иборат:
- давлат кўчмас мулк объектлари;
- давлат улушлари (акциялари, улушлари);
- давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари.
Давлат мулки, тўлиқ ёки қисман хусусийлаштирилиши мумкин. (Бундан давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки мустасно). Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Хусусийлаштириладиган давлат мулкининг бошланғич нархи ваколатли давлат органи ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланади. Давлат мулкини хусусийлаштириш қуйидаги усуллардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:
- аукцион;
- танлов савдолари;
- музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш;
- рақобатга асосланган мулоқот;
- биржа савдолари;
- давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини мулкий мажмуа тарзида хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) давлат улуши сифатида киритиш;
- давлат улушларини ва давлат кўчмас мулк объектларини хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) давлат улуши сифатида киритиш;
- давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини кейинчалик хусусийлаштириш шарти билан ижарага бериш.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.