21:57 | 28.03.24
Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш ва сифатини оширишга оид режалар тақдимоти билан танишди.
Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш ва сифатини оширишга оид режалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида таълим тизими ислоҳотлари энг биринчи вазифа этиб белгиланган. Шунга мувофиқ, бу соҳа ҳам умумий, ҳам ихтисослаштирилган тарзда ривожлантирилмоқда. Жумладан, 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби ва 182 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият юритмоқда.
Ўтган йиллардаги тажриба ва ҳаёт талабидан келиб чиқиб, улардаги йўналишларни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда Мюнхен техника университети билан ҳамкорликда, тажриба тариқасида, муҳандислик дастурларини жорий қилиш таклиф этилмоқда. Бу дастур “Янги Ўзбекистон” университети дастури билан интеграция қилинади.
Юқори малакали педагоглар имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида жамоатчилик асосида “Фан кенгашлари” тузилади. Бу кенгашлар таълим дастурларини ишлаб чиқиш, баҳолаш тизимини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга жалб қилинади.
Келгуси ўқув йилидан 14 та мактабда фанларни инглиз тилида ўқитишни йўлга қўйиш, 2025-2026 йилларда 8 та янги ихтисослашган мактаб қуриш режалари ҳам баён этилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: