20:00 | 14.04.21
Учрашувда бир қатор қўшма тадбирларни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди
Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси, Швеция Қироллиги ташқи ишлар вазири Анн Линде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда мамлакатимизнинг ЕХҲТ билан конструктив шериклигини ривожлантириш, Ўзбекистон билан Швеция ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ билан самарали мулоқотнинг бугунги даражасини мамнуният билан қайд этган ҳамда Швециянинг ташкилотга раислигининг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаган.
Суҳбатда Ўзбекистон Президенти ЕХҲТ билан кўп қиррали шерикликни, аввало, мамлакатимизда муҳим ички сиёсий тадбирларни ўтказишга тайёргарлик доирасида кенгайтиришнинг асосий йўналишларига алоҳида тўхталган.
Учрашувда яқин орада бир қатор қўшма тадбирларни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилган.
Президент Швеция билан икки томонлама муносабатларнинг истиқболлари ҳақида гапирганда, таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш, Швеция етакчи компанияларининг инновациялари ва инвестицияларини мамлакатимизга жалб этиш, савдо ва кооперация алоқаларини кенгайтиришни муҳим йўналишлар сифатида қайд этган.
Швецияда Ўзбекистоннинг дипломатик миссиясини ташкил этиш мамлакатларимиз ўртасидаги ва умуман скандинав давлатлар билан ҳамкорликнинг мавжуд салоҳияти ва кенг имкониятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишига ишонч билдирилган.
Анн Линде Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатни юқори баҳолаган ва қўллаб-қувватлаган.
ЕХҲТ доирасидаги қўшма ташаббуслар қўллаб-қувватланаётгани ҳамда Швеция билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани учун миннатдорчилик билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, 13–14 апрель кунлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линде Ўзбекистонга икки кунлик ташриф билан етиб келган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: