16:45 | 07.05.24
Шавкат Мирзиёев Венгрия, Эрон, Чехия, Ўмон ва Жазоирнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди (фото).
Ўзбекистон Президенти Венгрия элчиси Йожеф Рожа, Эрон Ислом Республикаси элчиси Муҳаммадали Искандарий, Чехия Республикаси элчиси Любомир Фреборт, Уммон Султонлиги элчиси Вафо ал-Бусаидий, Жазоир Халқ Демократик Республикаси элчиси Муҳаммад Ирқийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Шавкат Мирзиёев глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланишга таҳдидлар тобора кучаяётган ҳозирги даврда давлатлар ўртасида конструктив мулоқотни йўлга қўйишда, дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишда дипломатлар фаолияти янада муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
«Бугунги Ўзбекистон – жаҳонга кенг очилаётган, хорижий шериклари билан узоқ муддатли ва кенг қамровли алоқаларни изчил ривожлантириб бораётган тинчликсевар ва адолатли ижтимоий давлатдир», — деди президент.
Президент Венгрия элчисига мурожаат қилар экан, Будапешт Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва вақт синовларидан ўтган ишончли шериги эканини қайд этди.
«Сўнгги йилларда бош вазир Виктор Орбан билан биргаликдаги қатъий интилиш ва аниқ мақсадга йўналтирилган ҳаракатларимиз натижасида алоқаларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди», – деди президент.
Тошкент ва Будапешт ўртасида авиақатновлар бошланиши ишбилармонлик алоқалари ва туризм алмашинувларини янада фаоллаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Давлат раҳбари Эрон билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар кўп минг йиллик тарихий илдизлардан куч олаётганини таъкидлади. Барча даражада ўзаро мулоқотлар фаоллашди. Икки томонлама савдо ҳажми ўсмоқда, қўшма корхоналар сони 300 тага етди. Қайд этилганидек, томонлар товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ режаларни белгилаб олган.
Ўзбекистон Эрон билан тоғ-кон, энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтиришдан манфаатдор. Транспорт йўлаклари ва транзит борасидаги ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилди.
Президент Чехия Республикаси Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги анъанавий ва муҳим ҳамкори эканини таъкидлади. Ўтган йили ҳукумат делегацияларининг ўзаро ташрифлари икки томонлама алоқаларимизни янги босқичга кўтарди. Ўзбекистонда Чехиянинг етакчи компаниялари саноат, инфратузилма, тиббиёт, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида муваффақиятли фаолият юритмоқда. «Тошкент-Прага» авиақатновлари йўлга қўйилмоқда.
Келишилган инвестиция лойиҳаларини тўлиқ амалга ошириш ва саноат кооперацияси бўйича дастурни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. Чехия Экспорт банки ҳамда Экспортни кафолатлаш ва суғурталаш корпорациясининг мамлакатимиз банк-молия бозорига кириш режалари юқори баҳоланди.
Президент Уммон Султонлиги Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ минтақасидаги муҳим ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. Муқаддас ислом дини, ўхшаш урф-одат ва қадриятлар ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: