15:48 | 09.04.24

                       

Президент Жиззахнинг 13 та туманига 130 миллиард сўм ажратишга топшириқ берди

Президент Жиззахнинг 13 та туманида имкониятларни ишга солиш учун 130 миллиард сўм ажратишга топшириқ берди. Давлат раҳбари ушбу имкониятларни Зарбдор тумани мисолида тушунтирди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди. Унда президент туманлардаги янги имкониятларни ишга солишни топширди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўрганишлар натижасида Жиззахнинг 13 та туманида иқтисодий туртки берадиган янги имконият ва захиралар аниқлангани таъкидланди.

Давлат раҳбари ушбу имкониятларни Зарбдор тумани мисолида тушунтириб, уларни ишга солиш учун 130 миллиард сўм ажратишга топшириқ берди.

Масалан, туманда тадбиркорлар кўтарган муаммоларни ҳал қилиш орқали 5 мингта иш ўрни яратиш мумкин. «Зарбдор парранда» корхонасининг 12 та маҳалладаги 1 мингта хонадонга 1 миллион бош жўжа тарқатиб, аҳолини банд қилиш лойиҳаси шулар жумласидан.

Зарбдор туманидаги «ДМ-1» каналидан сув ичадиган Истиқбол, Нурафшон, Намуна, Ғалаба маҳаллаларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинса, деҳқонларнинг 1 минг гектар ерида, шунингдек, туман ёшларига бўлиб берилган 3 минг гектарда қовун етиштириш ва уни қайта ишлаш орқали 28 миллион доллар экспорт қилиш мумкин.

Зарбдорни 12 минг гектар ерлари «ДМ-3» каналидан энг самарали бўлган ўзи оқар ёпиқ қувур усулида сув олишга мўлжалланган. Лекин унинг 160 километри яроқсиз ҳолга келган.

Мутасаддиларга канални таъмирлаш лойиҳасини келгуси йил инвестиция дастурига киритиш топширилди.

Шундай суғориш тармоғини Зомин туманига ҳам тортиб бориш муҳимлиги қайд этилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: