17:31 | 29.02.24
Путин МДҲда рус тилини тарғиб қилишни кучайтириш бўйича топшириқ берди. У ҳукуматга рус тили ва Россия маданиятини тарғиб қилиш соҳасидаги дастурларни молиялаштиришни кўпайтиришни буюрган.
Россия президенти Владимир Путин бугун, 29 феврал куни Федерал Мажлисга қилган мурожаатида дунёда, жумладан МДҲда рус тилини тарғиб қилишни кучайтиришни буюрди. Бу ҳақда Lenta.ru хабар берди.
Путин ҳукуматга рус тили ва Россия маданиятини тарғиб қилиш соҳасидаги дастурларни молиялаштиришни кўпайтириш бўйича топшириқ берди.
«Ҳукуматдан рус тили ва кўпмиллатли маданиятимизни тарғиб қилиш соҳасидаги халқаро дастурларни молиялаштиришни кўпайтиришни сўрайман. Биринчи навбатда, албатта, МДҲда ва бутун дунёда», — деди Россия раҳбари.
«Бу сўзлардан сўнг залда қарсаклар янгради», — дейилади хабарда.
Шунингдек, у русофобия ҳақида ҳам гапириб, бу бошқа ирқчилик, миллий устунлик каби кишини «кўр ва ақлдан маҳрум қилиши»ни айтди.
Хабарда келтирилишича, 2023 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари раҳбарлари рус тилини камситилишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаб, рус тилини тарғиб қилишга ваъда беришган.
Аввалроқ президент матбуот котиби Дмитрий Песков мамлакатни мустаҳкамлашни рус тилини ривожлантириш ва русийзабон аҳолини ҳимоя қилишнинг энг самарали усули деб атаган эди. «Биз қанчалик ривожланган бўлсак, иқтисодий ва бошқа жиҳатларда қўшни давлатлар учун шунчалик жозибадор бўлсак, рус тилига талаб шунчалик кўп бўлади», — деган Кремль вакили.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: