8:38 | 16.06.22

                       

Қозоғистонда чорва моллари номаълум касалликдан нобуд бўлмоқда

Уларнинг ўлик танаси ёқиб юборилмоқда

Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Оқшоқи қишлоғида 80 бошдан ортиқ сигир ва бузоқлар номаълум касалликдан нобуд бўлди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «ulysmedia.kz»

Аҳоли пунктига кираверишда дезинфекция пости ўрнатилган. Қорамолларда 3 июнь куни касаллик белгилари пайдо бўлган. Шундан сўнг ҳайвонларни текшириш бошланган.

«Жами 260 бош қорамол касал бўлган, 82 боши нобуд бўлган. Улар 9 бош сигир, 11 бош ғунажин, 62 бош икки-уч ойлик бузоқлар ҳисобланади. Ҳайвонларнинг ўлик танаси йўқ қилиниб, ёқиб юборилган. Ҳудудга кираверишда пост ва дезинфекция блоки ўрнатилган», дейилади Қарағанда вилояти ветеринария бошқармаси матбуот хизмати.

Ветеринария шифокорлари касал қорамол гўшти ёки сутидан фойдаланмасликни сўраган. Аҳоли пунктида 2569 бош қорамол бор.

«Бугунги кунга қадар юзга яқин касалланган ҳайвонлар тузалган. Ҳуддуда қорамол эгалари билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ўлим сабаблари аниқлангач, нобуд бўлган чорва моллари учун пул компенсацияси масаласи ҳал этилади», дейилган хабарда.

Маълумот ўрнида, Қозоғистонда қорамоллар аввал ҳам номаълум касаллик оқибатида ҳалок бўлганди. Шунингдек, АҚШда қушларни нобуд қиладиган номаълум касаллик тарқалган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: