14:25 | 11.02.22

                       

Россия армиясининг Украинага эҳтимолий ҳужуми йўналиши акс этган харита эълон қилинди

У АҚШ разведка ходимлари томонидан тузилган

АҚШ ҳарбийлари ва разведкаси Россия ҳарбийлари Украинага бостириб кириш учун тўққиз хил йўлдан фойдаланиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда «NBC News» хабар берди.

Фото: «The Sun»

Маълум қилинишича, АҚШ разведкаси Россиянинг Украинага эҳтимолий зарбалари йўналишларининг янгиланган харитасини эълон қилган. Тахминларга кўра, Кремль тўққиз хил йўналишдан фойдалана олади, Россия армиясининг танклари эса 48 соат ичида Киевга етиб бориши мумкин. Иккита сценарий бир вақтнинг ўзида бир неча томондан ҳужумни ўз ичига олади, бу икки томонлама қамров деб аталади.

Инфографика: NBC

Сценарийлардан бирига кўра, Россия ҳарбийлари Днепр дарёсининг шарқидаги Украина ҳудудининг катта қисмини эгаллаб олади, у ерда Украина Қуролли Кучларининг 50 фоизга яқини, шу жумладан, энг жанговар тайёр бўлинмалар жойлашган. Россия танклари ва механизациялашган бўлинмалари чегарани кесиб ўтиб, дарё томон ҳаракатланаётганда шаҳарларни ўраб, Полтава ва Харьков томон ҳаракатланади. Қуруқликдаги кучлар Донбассдан уч йўналишда олдинга силжийди, шарққа ва жанубга Қримга боради ва Азов денгизи бўйлаб қирғоқ чизиғини эгаллайди.

Россия ҳарбий вертолётлари бир вақтнинг ўзида Қримдан ҳаво ҳужумини амалга ошириши айтилган. Бу, шунингдек, Қора денгиз соҳилини эгаллаш учун амфибия ҳужумини, шунингдек, Қора денгиз бўйлаб қуруқлик кўприк яратиш учун Одессадан Молдовага ҳаво ва қуруқлик қисмларини ўтказишни ўз ичига олиши қўшимча қилинган.

Таъкидланишича, Россия аллақачон сув ости кемалари ва денгиз пиёдалари батальонлари билан бешта амфибия ҳужум кемасини Украина қирғоқларига жойлаштирган. Бундан ҳам тажовузкор вариант — шимолдан Киевни ўраб олиш учун иккита ҳужум. Бунда артиллерия ҳужуми, радиоэлектрон уруш ва қуруқлик қўшинининг Беларусдан жанубга, Житомир ва Киевга силжиши айтилган.

Навбатдаги яна бир сценарийда Россиядан Чернобиль атрофидан Украина пойтахтига бошқа йўлни таклиф қилади. Жумладан, Россия танклари ва ҳарбий техникаси дастлабки икки кун ичида Киев чегараларида бўлиши мумкин. Россия армияси Беларусда иккита илғор С-400 ер-ҳаво ракета тизимини жойлаштиргани, бу уларга самолётлар ёки келаётган ракеталарни тўхтатиш қобилияти билан мамлакатнинг аксарият қисмидан ҳаво устунлигини бериши келтирилган.

АҚШ разведкасига кўра, иккала ҳужум ҳам катта артиллерия зарбалари, ўрта масофали баллистик ракеталар ва бомбардимончилар эҳтимол тунда ўқ-дорилар омборлари, радар станциялари, самолётлар ва ҳаво мудофаа тизимлари ва Украинанинг бошқа муҳим ҳарбий объектларига қарши ҳужум билан бошланади.

Разведка маълумотида Россия Украинани ўзини ҳимоя қилиш қобилиятидан маҳрум қилишга ҳаракат қилиши келтирилган. Мамлакатнинг турли ҳудудларида жойлашган Украина ҳарбий қисмлари ўртасидаги алоқа линияларини узиб қўйиш учун ҳам киберҳужумлар, ҳам электрон ҳужумлар амалга оширилиши қўшимча қилинган.

Фото: «Sky News»

Аввалроқ Америка разведкачиси Россия ва Украина ўртасидаги уруш сценарийсини тасвирлаганди. Шунингдек, Хорижий разведка Путиннинг Украина ҳукуматини тўнтариш режасини эълон қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: