9:09 | 21.09.24
Россиядаги энг кўп меҳнат мигрантлари ўзбекистонликлар экани аниқланди. 8 ойда Россияга 1 миллион 880 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси борган.
Россия федерацияси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-полковник Александр Горовой Коммерсант нашрига берган интервьюсида мамлакатдаги мигрантлар сонига тўхталиб ўтди.
Вазирликка кўра, Россияда 6,1 миллиондан ортиқ чет элликлар бўлиб, уларнинг асосий қисми Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидан келган. Нашр Ички ишлар вазирлигига таяниб, 2024 йил январь-август ойларида Россияда бўлиб турган, ушбу давлатга келган ва қайтиб кетган меҳнат муҳожирларига доир рақамларни очиқлади. Статистика — барча устунларда энг кўп Ўзбекистон фуқаролари эканини кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг 8 ойида Россияга 1 миллион 880 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси борган. Мамлакатдан чиқиб кетганлар сони эса 1,5 миллион кишидан ошади. Шу билан бирга 1 миллион 792 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари айни вақтда Россияда ишламоқда.
Кейинги ўринда 1,2 миллиондан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда бўлиб турганини кўриш мумкин.
Қозоғистон ва Россия ўртасидаги борди-келди муносабатлари миллиондан ошган бўлса-да, айни вақтда Россия бўлиб турган қозоғистонликлар сони нисбатан камроқ – 609 минг киши. Марказий Осиёнинг яна бир давлати Қирғизистоннинг эса 262 мингдан ортиқ фуқароси Россияда бўлиб турибди.
Россияда бўлиб турган қарийб ярим миллион хитойликлар рўйхатда тўртинчи ўринда. Бундан ташқари, Арманистон, Озарбойжон, Беларус, Туркия ва Туркманистоннинг ҳам юз минглаб фуқаролари Россия ҳудудида бўлиб турибди.
Россия ичидаги миграцион сиёсатни назорат қилувчи амалдорга кўра, мамлакатда 739 мингга яқин ноқонуний мигрантлар ҳам бор. Уларнинг асосий қисми ҳам Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбойжон фуқаролари.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: