23:51 | 19.01.24
66 ёшли Усмон Баратов «Сизга тухум эмас, ёғлиққина бир бало бўлсин! Хўрозларни фронтдан қайтаринг» дея ёзилган пати тўкилган товуқ расми билан пост жойлаганди.
Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича бош тергов бошқармаси «Ватандош» ўзбек жамиятининг етакчиси Усмон Баратовга жиноий иш очди. Бу ҳақда Тергов қўмитаси хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 17 декабр куни Баратов ва бошқа шахслар Москва вилоятида бўлганларида ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаларида Россия Федерацияси фуқаролари, шу жумладан, махсус тадбир иштирокчиларининг қадр-қимматини камситувчи постни жойлаштирган.
Россия президенти Владимир Путин ва Россия Думаси спикери Вячеслав Володиннинг тухум ҳақидаги иқтибослари келтирилган ўша постга «хўрозни фронтдан қайтариш» тўғрисида мем илова қилинган. Путин ва Володиннинг тухум етишмовчилиги ҳақидаги гапларига қарата Баратов илова қилган мемда пати тўкилган товуқ «Сизга тухум эмас, ёғлиққина бир бало бўлсин! Хўрозларни фронтдан қайтаринг» деб тургани акс этган. Пост уруш тарғиботчилари бўлган россиялик блогерлар ғазабига сабаб бўлиб, уни урушда қатнашаётган россиялик ҳарбийларни камситиш деб қабул қилишди.
Тергов қўмитаси хабарида айтилишича, Усмон Баратовни тергов қилиш учун Москва шаҳридаги бўлинмага олиб кетишган. Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 282-моддаси (нафрат ёки адоватни қўзғатиш, шунингдек, инсон қадр-қимматини камситиш) билан жиноят иши очилган.
Маълумот учун, 66 ёшли Усмон Акрамович Баратов Россия Федерациясининг фуқароси ҳисобланади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: