15:41 | 13.07.24

                       

Рухсатномасиз «тонировка» учун жарима миқдорини камайтириш таклиф этилди

Ўзбекистонда рухсатномасиз «тонировка» учун жарима миқдорини камайтириш таклиф этилди

Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан маъмурий чоралар ва уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблиги ўрганилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда маъмурий жарималар миқдорини белгилаш механизмларининг йўқлиги содир этилган ҳуқуқбузарликка номутаносиб бўлган жарима солинишига сабаб бўлмоқда. Ушбу йўналиш тартибга солинмаганлиги боис манфаатдор давлат органлари томонидан жарималар миқдорини қайта кўриб чиқишга доир қонун лойиҳаларини ташаббускорлик билан ишлаб чиқиш ҳолатлари кўпайиб кетган.

Масалан, автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун назарда тутилган 8,5 млн сўмлик жарима белгиланганда, рухсатноманинг нархи 11-13 млн сўм бўлган. Бугунги кунда рухсатнома 2,7 млн сўм этиб белгиланган, аммо жарима миқдори эса ўзгаришсиз қолмоқда.

Солиштириш учун: Қозоғистонда автомобиль ойнасини қорайтирганлик учун ўрнатилган жарима 468 минг сўмни, Россияда – 60 минг сўмни, Беларусда – 138 минг сўмни ташкил қилади.

«Фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтириш учун белгиланган жарималардан устуворлик жиҳатидан муҳимроқ ҳисобланади», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: