10:39 | 05.11.23
Конгресснинг илмий қисми 5 та халқаро конференциядан иборат бўлиб, уларда 120 га яқин илмий маъруза тингланади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ҳар йили 300 дан ортиқ хорижлик олимлар иштирокида Ўзбекистонда халқаро конгресс ўтказилади. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича кўплаб лойиҳалардан бири ҳисобланади.
2023 йилги конгресс 5–8 ноябр кунлари Самарқанд шаҳридаги Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасида ташкил этилади. Бир қатор миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотчилар иштирокида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамиятининг «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси» VII Халқаро конгрессда «Ўзбекистон маданий мероси» туркумидан 61–70 жилдлардан иборат 10 та янги китоб-албом тақдим этилади. Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия (шу жумладан Татаристон), Туркиядаги Ўзбекистон маданий мероси тўпламларига бағишланган китоб-альбомлар шулар жумласидан. Эътиборли жиҳати, ушбу тўплам китоблар кутубхоналарга бепул тақдим этилмоқда.
Шунингдек, Бутунжаҳон жамиятининг бошқа ноширлик лойиҳалари – «Шарқ миниатюрасида тарихий шахслар», «Клавихо: Самарқанддаги Темур саройига саёҳат кундалиги (1403–1406)», «Риштон кулолчилиги», «Ўзбекистон санъати дурдоналари», «Орол ва Аму бўйларида: қорақалпоқ санъати», «Бадиий атамалар энциклопедияси» альбомлари, шунингдек, «Безак энциклопедияси» мавзуларига бағишланган режалардаги нашрлар, «Ўзбекистон гиламлари», «114 Қуръон», «Шарқнинг 100 нодир қўлёзмаси» лойиҳалари ҳам конгресс иштирокчиларига тақдим этилади.
Бўлажак Конгресснинг илмий қисми 5 та халқаро конференциядан иборат бўлиб, уларда 120 га яқин илмий маъруза тингланади. Булар «Мероснинг янги қирраларини кашф этиш: жаҳон тўпламларидаги ўзбек коллекциялари», «Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларидан Шарқ қўлёзма мероси дурдоналари», «Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларида Марказий Осиё музейлари ва кутубхоналари», «Марказий Осиё тарихи ва санъати: изланишлар ва кашфиётлар» ҳамда «Кино ва медиа олами: меросга янгича нигоҳ» каби мавзулар ўрин олган.
Тадбир ташкилотчиси ва ҳомийси ERIELL нефт-серфис гуруҳи.
Шунингдек конгрессда дунё мамлакатлари тарихи ва тарихий шахслари ҳақида филмлар яратиш учун ТУРКСОЙ мамлакатлари кино ташкилотларининг ижодий ва ишлаб чиқариш имкониятларини бирлаштиришнинг янги механизмлари таҳлил қилинади. Туркий дунё мамлакатлари ўртасида келгусида ҳамкорликдаги филмларни ишлаб чиқариш мавзулари муҳокама қилинади.
Маълумот учун, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) 2018 йилда дунёнинг 40 мамлакати 300 дан ортиқ шарқшунослари ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, 2019 йилда Парижда расман рўйхатдан ўтган. 2023 йилда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) Ўзбекистонда рўйхатдан ўтди ва Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини очди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: