14:29 | 14.05.24
Самарқандда Damas босиб кетган 11 ёшли қиз бир умрга ногирон бўлиб қолди. Унинг бир оёғи кесиб ташлангани айтилмоқда (видео).
Самарқанднинг Паст Дарғом туманида Damas мактаб ўқувчисини уриб юборгани акс этган видео тарқалганди. Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Таъкидланишича, 2024 йил 31 март куни соат 11:30 лар атрофида Пастдарғом тумани «Болтали» маҳалласида Damas ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган вояга етмаган 2013 йилда туғилган фуқарони уриб юборган. Оқибатда вояга етмаган пиёда олган тан жароҳатлари билан касалхонада даволанмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266- моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1- қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Барча ҳайдовчилардан йўлларда ҳаракатланганда пиёдаларга ва мактаб болаларига эътиборли бўлган ҳолда ҳаракатланишини сўраб қоламиз!», — дейилади хабарда.
Журналист Шокиржонов қизалоқ бир умрга ногирон бўлиб қолганини, унинг бир оёғи кесиб ташланганини айтди.
«Ана шундай ҳолатларнинг ҳар бири ошкора кўрсатилиб, видеолари тарқатилиб автотеррористларга қатъий чора кўрилмас, бундай қоидабузар ҳайдовчилар умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилмас экан — болаларимизнинг йўлларда қурбон ва ногирон бўлиши тугамайди», — дейди журналист.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: