14:30 | 24.04.24

                       

Самарқандда иккинчи хотин маст эрининг оёқ-қўлини боғлаб ёқиб юборди

Самарқандда иккинчи хотин маст эрининг оёқ-қўлини боғлаб ёқиб юборди. Ўғли ўгай отасини қутқариш учун қўшнисидан ёрдам сўраган (видео)

Самарқандда маст ҳолатда бўлган турмуш ўртоғининг оёқ-қўлларини арқон билан боғлаб, устига бензин сепиб, тириклай ёқиб юборган 32 ёшли аёл 12 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, марҳум эркак ва аёлни шаръий никоҳ боғлаб турган. Унинг онаси бу аёл билан муносабатидан ўлимидан кейин хабар топган.

«Унинг (расмий никоҳдаги) хотини ва боласи Россияга кетган эди, буни топган. Алоқа қилиб юрганидан бизнинг хабаримиз йўқ. Кўмир бўлиб куйиб қолган, ўзимнинг боламни танимадим… Суддан олий жазо беришни сўрадим», — дейди марҳумнинг онаси.

Қайд этилишича, марҳум ва аёл ўртасида тез-тез жанжал бўлиб турган. Судланувчи жанжалнинг сабабини эри охирги пайтларда уйга пул олиб келмагани ва уни бошқа эркаклар билан гаплашаётганликда айблаб, рашк қилгани билан боғлаган. Шу куни ҳам эркак аёлга бир шапалоқ туширган. Шундан кейин аёл эркакнинг қўл-оёғини боғлаб, танишига бензин буюртма қилган.

«Ўғлимни ўлдираман дегани учун бор-йўғи 1,5 литр бензин тўкдим ва ёқдим», — дейди айбланувчи.

Шундан сўнг аёл кўчага чиқиб кетган, ўғли эса ўгай отасини қутқариш учун қўшнисидан ёрдам сўраган. Улар ўз навбатида ўт ўчирувчиларни чақирган.

Маълумотларга кўра, судланувчи илгари аёл қариндошини пичоқлагани учун жазо ўтаб чиққан.

Суд ҳукми билан айбланувчи Жиноят кодексининг 97-модда (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан айбли деб топилди ва унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: