14:55 | 28.02.24

                       

Саудия Арабистони зиёратчиларни 2024 йилги ҳаж мавсуми юзасидан огоҳлантирди

Саудия Арабистони зиёратчиларни 2024 йилги ҳаж мавсуми юзасидан огоҳлантирди. Айбдор деб топилган чет эл фуқаролари олти ойга ҳибсга олинади. Уларга 10 йил давомида мамлакатга қайта кириш тақиқланади.

Саудия Арабистони зиёратчилар ва аҳолини 2024 йилги ҳаж мавсумида зарур рухсатномаларсиз қатнашишдан огоҳлантирди. Бу ҳақда Ҳаж ва умра вазирлиги берган маълумотга таяниб, Gulf News хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни камайтириш мақсадида қаттиқ жазо чоралари жорий этилган.

«Саудия Арабистони расмийлари Паспортлар Бош бошқармаси билан ҳамкорликда ҳаж қоидаларини бузган шахсларга нисбатан оғир жазолар белгилаган. Ҳаж ва умра вазирлиги зарур рухсатномаларсиз ҳаж қилиш ноқонуний эканини ва 50,000 Саудия риали миқдорида жаримага тортилишини таъкидлаган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, тегишли рухсатномасиз зиёратчиларни олиб келаётган шахслар ҳам худди шу миқдоргача жаримага тортилади. Бундай қонунбузарликларда айбдор деб топилган чет эл фуқаролари олти ойга ҳибсга олинади, кейин Саудия Арабистонидан депортация қилинади. Уларга 10 йил давомида мамлакатга қайта кириш тақиқланади.

Маълумот учун, 50,000 Саудия риали тахминан 13,332 АҚШ долларини ташкил этади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: