19:48 | 23.01.24

                       

«Шарқ» нашриёти бинолари Моддий маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилди

Мажмуа 1914-1983 йилларда қурилган 14 та бино ва иншоотлардан иборат.

Оммавий ахборот воситаларида тарқалган «Шарқ» нашриёт-матбаа ижодий уйининг бино ва иншоотлари маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилгани, шу боис ўзининг аввалги қиёфасини сақлаб қолмаслиги ҳақидаги хабарларга Маданий мерос агентлиги муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 14 октябр куни 1914-1983 йилларда қурилган ушбу 14 та бино ва иншоотлар мажмуасида ишчи гуруҳ томонидан тарихий ва маданий экспертиза ўтказилган. Гуруҳ таркиби Маданий мерос агентлигининг вакиллари, агентлик ҳузуридаги Илмий эксперт кенгаши аъзолари, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда «Шарқ нашриёти матбаа корхонаси» акциядорлик жамияти ходимларидан иборат бўлган.

Экспертиза натижаларига кўра, ишчи гуруҳ томонидан бино ва иншоотларнинг аксарияти тўлиқ реконструкцияни тақозо этувчи авария ҳолати, аянчли аҳволда экани тўғрисида тегишли хулосалар қилинган. Шунингдек, тарихий ва маданий аҳамиятга эга бинолар аниқланган.

Шу билан бирга, Давлат активларини бошқариш агентлигига мулк мажмуасининг реализация қилинишида «ЎзА биноси» (литер 0002) маъмурий биносининг тарихий, меъморий қиёфасини сақлаб қолиш зарурлиги, келгусида эса қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишларини Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Бундан ташқари, Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳридаги модернизм иншоотлари, шу жумладан, ЎзА биносини ЮНЕСКО Бутунжаҳон меросининг дастлабки рўйхатига киритиш учун аризани тайёрлаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: