17:05 | 05.04.24
Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев Хивада учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, илгари олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ инвестиция битимлари ва савдо шартномаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарлари машинасозлик, энергетика, транспорт ва логистика, кончилик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш юзасидан Бош вазирлар ўринбосарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг ҳисоботларини тинглади.
Президентлар товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш ҳамда транспорт ва энергетикада инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ берди.
2024 йилда Саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш бўйича амалий ишларни бошлаш, қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш, ёшлар иштирокида маданият, таълим ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди.
Икки ва кўп томонлама шаклдаги бўлажак қўшма тадбирлар режаси кўриб чиқилди. Учрашув ҳар доимгидек очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: