14:48 | 16.07.24
Ўзбекистонда Скутер ва самокатларда йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга ҳам жавобгарлик белгиланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситаларини ва индивидуал ҳаракатланиш бошқариш вақтида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Бунда электросамокатлар, скутер, мопед ҳамда велосипед ҳайдовчи, индивидуал ҳаракатланиш воситасида бошқарувчи томонидан содир этилган ҳаракатлар назарда тутилмоқда. Индивидуал ҳаракатланиш воситалари бу двигатель (электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, унитцикллар, моноғилдирак ва бошқа шунга ўхшаш воситалар) ёрдамида одамнинг индивидуал ҳаракатланиши учун мўлжалланган бир ёки бир нечта ғилдираклари (роликлари) бўлган транспорт воситасидир.
Шунингдек, фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳолат муайян қисқа муддат давомида қарор қабул қилинмаган тақдирда, ҳуқуқий оқибатини келтириб чиқармаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаса, шунингдек, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсга (яъни ҳуқуқбузарга эмас) 48 соат ичида юборилмаган бўлса ишни кўриб чиқиш тугатилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарликлар юзасидан юритилган маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликдан воз кечган ҳолда тугатиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини, йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олиниши ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: