15:11 | 12.07.24
Сохта хавола ортидан пул ўзлаштирган жиззахлик йигит қўлга олинди. У хаволаларни турли канал ва гуруҳларда тарқатиб юборган.
Жиззахлик йигит онлайн кредитнинг сохта рекламалари ортидан пул ўғирлади. Бу ҳақда ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи 39 ёшли фуқаро Н.Ф. ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг банк картасидан 1.480.000 сўм пулларини яширин равишда ўзлаштирганлигини маълум қилиб, ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Жиззах вилоятида яшовчи 29 ёшли фуқаро О.У. содир этганлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, О.У. сохта ҳавола яратиб, уни “онлайн кредит” ёки “моддий ёрдам олиш учун бу манзилга банк карта маълумотингизни киритинг” мазмунидаги сохта рекламалар билан, турли канал ва гуруҳларда тарқатиб, банк карта бошқарувини бериб қўйган фуқароларнинг пулларини яширин равишда талон-торож қилиб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан О.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.