18:13 | 29.04.24
Судьялар олий кенгаши Ботир Қодиров ва Жўраевларни огоҳлантирди. Бундан ташқари, кенгаш журналист ва блогерларга мурожаат қилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида даъвогар Ботир Қодировнинг Жўраевларга нисбатан «оталик фактини белгилаш»га оид фуқаролик низоси кўриб чиқилмоқда, деб хабар берди Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати.
Таъкидланишича, фуқаролик низоси таниқли шахслар ўртасида кечаётгани ҳамда марҳум ва машҳур инсон ҳаёти билан боғлиқ. Шу боис воқеалар ривожи кенг жамоатчилик томонидан катта эътибор билан кузатиламоқда. Бироқ низо судлашиш даражасига етган. Процессуал жараёнлар давом этаётган бир пайтда тарафлар ёки уларнинг вакиллари томонидан ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Қайд этилишича, тармоқлардаги муҳокамаларда ҳали якунига етмаган иш бўйича турли башоратларга берилишлар, суддан аввал «қарор чиқариб қўйиш» ҳолатлари мавжуд. Шунингдек, низо судда холис ва беғараз кўрилишига асоссиз шубҳалар ҳам билдирилмоқда.
«Буларнинг ҳаммаси судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилаётганига таъкид шарт эмас.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, иш бўйича тарафларни турли шакл ва кўринишда баёнот беришдан тийилишга, журналист ва блогерларни эса шахсга оид маълумотлар ҳамда суд ишига доир ахборотларни тарқатишдек нозик ва ҳассос масалага масъулият билан ёндошишга чақиради», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, хонанда Қодиров Ботир Шералиевич жавобгарлар — Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлардан оталикни белгилашни талаб қилиб судга ариза берган эди.
Олий суд матбуот хизматининг Bugun.uz’га маълум қилишича, мазкур ишни кўриш 15 апрел кунига тайинланган. Бироқ жавобгар вакили иш билан танишиш учун ишни кўришни бошқа кунга қолдиришни сўрагани сабабли у 23 апрелда кўриб чиқилган. Суд мажлисида даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилиб, гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далилларни талаб қилиб олиш учун ишни кўриш 2 майга қолдирилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: