11:17 | 22.03.24

                       

Сурхондарёда сел-сув тошқини оқибатида 360 киши хавфсиз жойга кўчирилди

Сурхондарё вилоятида сел-сув тошқини оқибатида 360 киши хавфсиз жойга кўчирилди. Кучли ёмғир сувлари жами 7 та кўчада жойлашган 103 та хонадоннинг ҳовли ва томорқаларига, айрим турар жойларга кирган.

Қумқўрғон туманида содир бўлган сел-сув тошқини оқибатида 360 киши хавфсиз ҳудудда жойлашган яқин қариндошларининг уйларига вақтинча кўчирилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 21 март куни тахминан соат 19:10 лар атрофида Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳудудидаги қир-адирликларда кучли ёмғир ёғиши натижасида йиғилган ёмғир сувлари Арналисой орқали Элобод маҳалласига кириб келган.

Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, кўп миқдордаги ёмғир сувлари маҳалла ҳудудидаги ички сув тармоқларига сиғмасдан, ҳудуддаги 2 та ички кўчаларда жойлашган 47 та хонадоннинг ҳовли ва томорқаларига, айрим турар жойлар ичкарисига кирган.

Шунингдек, кучли ёмғир сувлари Азларсой сойидан тошиб, сой қуйисида жойлашган Азларсой маҳалласи ҳудудидаги 5 та ички кўчаларда жойлашган 56 та хонадоннинг ҳовли ва томорқаларига, айрим турар жойларга кирган.

Тошқин оқибатларини бартараф этиш ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Азларсой маҳалласидаги 56 та хонадондан 210 нафар ва Элобод маҳалласидаги 32 та хонадондан 150 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудда жойлашган яқин қариндошларининг уйларига вақтинча кўчирилди. Туман марказидаги Янги шаҳар маҳалласида жойлашган 2 та 4 қаватли уйларнинг ертўласига йиғилган тошқин сувлари ёнғин-қутқарув техникалари ва мотопомпалар ёрдамида чиқариб ташланди.

Қумқўрғон тумани Элобод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-41 «Олмаота-Бишкек-Душанбе-Термиз» автомобил йўлининг 1535-1536 км оралиғида транспорт воситалари ва йўловчилар хавфсизилигини таъминлаш мақсадида, вақтинчалик ҳаракат чекланиб, сув тошқинлари тугаганидан сўнг, йўлга йиғилган лойқалар махсус техникалар ёрдамида тозаланиб, соат 21:00 да икки томонлама транспорт қатнови тўлиқ тикланди.

Ушбу ҳудудда содир бўлган тошқин сувлари Термиз минтақавий темирйўл узели УКга қарашли, «Қумқўрғон–Элбаён» перегони ПК 8-9 темирйўл остидан ўтган сув қувурига сиғмаганлиги натижасида, темирйўлнинг тахминан 0,4 км қисмидан тошиб ўтиб, шағал қопламасини қисман ювган.

Термиз минтақавий темирйўл узели УКнинг 200 нафар ишчи-хизматчилари, авария тиклаш поезди, 2 та автоюклагич, 1 та экскаватор ёрдамида, 28 та вагонларда олиб келинган шағал темирйўлнинг зарар кўрган участкасига ётқизилиб, таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилди ҳамда бугун, 22 март куни соат 07:00 да темирйўл ҳаракати тўлиқ тикланди.

Айни вақтда Элобод маҳалласи ички кўчалари, йўллар ва бошқа жойларни лойқадан тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Тезкор тадбирларга 462 нафар ходим, 7 та техника, 11 та мотопомпа, 24 та муҳандислик техникалари жалб қилинган.

Юзага келган сув тошқинлари оқибатида жароҳат олганлар йўқ.

Бундан ташқари, вилоятнинг Шўрчи, Шеробод ва Бандихон туманларининг айрим маҳаллаларида ҳам кўп миқдорда ёмғир ёғиш ҳодисалари содир бўлган бўлиб, ёмғир сувлари ҳудудлардан оқиб ўтувчи сел йўллари орқали хавфсиз оқиб ўтган. Ушбу ҳудудлардан талафотлар тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: