20:11 | 06.03.24
Экология бошқармаси асфальт ишлаб чиқарадиган «Бойсун туман йўллардан фойдаланиш корхонаси» ҳамда «Шеробод туман йўллардан фойдаланиш корхонаси»да экологик текширув ўтказди.
Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси томонидан асфальт ишлаб чиқарадиган «Бойсун туман йўллардан фойдаланиш корхонаси» ҳамда «Шеробод туман йўллардан фойдаланиш корхонаси»да экологик текширувлар ўтказилди.
Текширув давомида корхоналарда Бойсундаги корхонада чанг-газ тозалаш ускуналари фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, заводдан чиқадиган чанг-газларни ушлаб қолувчи фильтрлар ва сув пуркаш орқали чангларни ушлаб қоладиган ускуналар ўрнатилмагани аниқланди.
Шеробод корхонасида эса чанг-газ тозалаш ускунаси эскирганлиги сабабли атмосферага зарарли ташламаларнинг меъёридан ортиқ чиқарилаётгани маълум бўлди.
Маълумот учун, 29 январь куни давлат раҳбари раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилган, унда жорий йил якунига қадар йирик саноат корхонасида замонавий чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш ва эскиларини алмаштириш, ҳавога чанг ташлаш даражаси юқори бўлган корхоналарда фильтрларни янгилаш вазифаси қўйилган.
«Бойсун туман йўллардан фойдаланиш корхонаси» ҳамда «Шеробод туман йўллардан фойдаланиш корхонаси»га нисбатан, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-24-моддалари талаби бузилганлиги, қатор камчиликлар аниқланганлиги сабабли МЖтКнинг 86-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Корхоналар фаолияти 10 кун муддатга — мавжуд муаммолар ҳал этилиб, фильтрлаш асбоб-ускуналари ўрнатилгунига қадар тўхтатилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: