16:56 | 06.09.23
Тадбирда 160 га яқин давлатдан вакиллар қатнашади.
Самарқанд шаҳрида 2023 йилнинг 16-20 октябр кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси ўтказилади. Бу ҳақда Туризм қўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, БМТ оиласига кирувчи ташкилотнинг бу каби муҳим тадбирига тарихда биринчи марта Ўзбекистон мезбонлик қилади. Тадбирда 160 га яқин давлатдан туризм йўналишида фаолият юритувчи давлат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва туристик бизнес вакиллари иштирок этади.
Бугунга келиб, Саудия Арабистони, Албания, Озарбайжон, Багама, Баҳрайн, Гватемала, Гаити, Кот-д’Ивуар, Индонезия, Монако, Нигер, Панама, Португалия, Сьерра Леоне, Украина, Уругвай, Яман каби мамлакатларнинг туризм идоралари раҳбарлари Самарқандга келиши кутилмоқда.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон кейинги 2023-2027 йиллар учун UNWTO Ижроия кенгашининг Ваколатлар бўйича қўмитаси аъзолигига қабул қилинган. Бу UNWTO Ижроия кенгаши томонидан қабул қилинадиган муҳим қарор ва ҳужжатлар, уларда аъзо давлатлар иштирокининг ҳаққонийлиги ва тамойилларга мослигини назорат қилиш ваколати Ўзбекистонга ишониб топширилганини билдиради.
Мамлакатга халқаро миқёсда билдирилган бундай ишонч Ўзбекистоннинг нафақат жаҳон туризм бозоридаги позицияси мустаҳкамлигини, балки халқаро муносабатлардаги фаолиятининг ҳам қанчалик самарали эканини намоён қилади.
Бош Ассамблея сессиясининг Ўзбекистонда ўтказилиши давлатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, маданият ва туризм салоҳиятини тарғиб қилишда янги имкониятларни тақдим этиши айтилмоқда.
Бош Ассамблеянинг 25-сессияси доирасида туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари ялпи сессиялар ва бошқа қатор кенг миқёсли анжуманларда муҳокама қилинади.
Жумладан, UNWTO доирасида ташкиллаштирилиши режалаштирилаётган Инвестиция форуми Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги инвестициявий салоҳияти юқори бўлган объектлар, ҳудудлар, лойиҳалар йирик хорижий инвесторларга тақдим этилиши, мамлакатга фаол, мақсадли ва манзилли инвестициялар жалб этиш бўйича кўплаб муҳим бизнес келишувларига эришилиши кўзда тутилмоқда. Форум туризм секторидаги имкониятларни ўрганиш учун глобал манфаатдор томонларни, саноат раҳбарларини ва инвесторларни бирлаштиради ҳамда Ўзбекистонда яратилган қулай инвестицион муҳит ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини намойиш этиш, шунингдек иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Инвестфорумдаги асосий сессиялар давомида Ўзбекистоннинг сармоявий муҳити ҳақида жаҳон жамоатчилигида ижобий фикрни шакллантириш, йирик хорижий инвесторларда Ўзбекистонга сармоя киритишга қизиқишни ошириш мақсади кўзланган. Тадбир якунига кўра, мамлакатга киритиладиган инвестициялар кўламини ошириш орқали барқарор ривожланишга кўмаклашиш, Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳиятини янада ошириш ва глобал миқёсда секторлар бўйлаб ҳамкорликни кучайтиришга эришиш кутилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва табиий ресурсларини сақлаб қолган ҳолда, мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ҳисса қўшадиган инвестицияларни жалб қилиш мақсад қилинган.
Бош Ассамблея доирасида ўтказилиши кутилаётган Таълим форуми туризм соҳасидаги таълимнинг бугунги кундаги ҳолатини намоён этиш, малака ошириш ва барча учун инклюзив имкониятлар яратишга сармоя киритиш нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Тадбирда UNWTO томонидан ўрта, олий ва бошқарувчи таълим бўйича етакчи академик ҳамкорлар билан ишлаб чиқилган қўшимча ташаббуслар, инновацион таълим воситалари тўплами, халқаро барқарор туризм бўйича янги фанларни ўқитиш, ҳар бир соҳадаги сўнгги ютуқлар намойиш этилади. Форумнинг кенг қамровли дастури манфаатдор томонлар, сиёсатчилар, профессорлар ва саноат раҳбарларини жамоавий ҳаракатларга илҳомлантириш ва сафарбар этишга интилади.
Бундан ташқари, тадбир доирасида UNWTO томонидан йилнинг энг яхши сайёҳлик қишлоқлари (Best Tourism Villages) эълон қилинади.
Бунинг учун ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан барқарорлигини таъминлашга қаратилган, аҳолининг анъанавий ҳаёт тарзи ва қадриятларини сақлаб қолган ҳолда, тараққиёт ва фаровонликни таъминлайдиган илғор туризм соҳаларига эга бутун дунёдаги туризм қишлоқлари танлаб олинади. Мазкур танловда Ўзбекистондан ҳам қатор қишлоқлар иштирок этмоқда.
«Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеяси 25-юбилей сессиясининг қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилиши мамлакатимизнинг маданий, туризм, инвестиция ва интеллектуал салоҳиятини дунёга танитиши баробарида, жаҳон ҳамжамияти билан олиб бориладиган савдо-иқтисодий, туризм ва маданий соҳалардаги халқаро алоқаларининг янада мустаҳкамланиши йўлида хизмат қилади», дейилади хабарда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: