23:19 | 28.12.22

                       

Telegram’да фойдаланувчиларнинг аккаунтини «ўғирлаш» билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди

Фирибгарлар тармоқ фойдаланувчиларини онлайн овоз беришда қатнашишга ундаб, уларга сайт ҳаволасини таклиф қилишади. Овоз берилгандан сўнг эса, фойдаланувчи берган овоз қабул қилиниши учун унинг шахсий маълумотлари сўралади. Телефон рақами ва рақамга юборилган код киритилгандан кейин, агарда аккаунтда икки босқичли авторизация тизими ёқилмаган бўлса, аккаунтга уланиб олишади.

Telegram’да бир нечта фойдаланувчилар янги фирибгарлик схемасига дуч келди. Бу ҳақда компания мутахассислари томонидан бошқариладиган «Касперский лабораторияси» блогида хабар берилди.

Фото: Bugun.uz

«Йил охирида кўплаб фойдаланувчилар Telegram мессенжеридан ҳисобни ‘ўғирлаш’нинг янги схемасига дуч келишди. Алоқа рўйхатидан кимдир маълум бир онлайн овоз беришда иштирок этишни сўрайди ва сайтга ҳавола юборади. Овозларни ҳисобга олиш учун сиз телефон рақамингизни ва тасдиқлаш кодини киритишингиз керак. Ва буни ҳеч қандай ҳолатда қилмаслик керак — ҳисобингизни йўқотиш эҳтимоли катта», — дейилади блогда.

Таъкидланишича, бундай хабарларни аккаунтнинг эгаси эмас, унга уланиб олган хакерлар ёзади. Улар хабар жўнатилган одамнинг эътиборини тортиш учун турли йўллардан фойдаланиши ёки шунчаки «менга овоз беринг», деб хабар жўнатиши мумкин.

«Ҳужумчиларнинг сайти жуда камтарона кўринади. ‘Киринг ва танлов иштирокчиларига овоз беринг’ деган биринчи саҳифа, телефон рақамини киритиш учун майдон, овозларни тўғри ҳисобга олиш учун аутентификация қилиш кераклиги ҳақидаги хабар ва танлов ташкилотчилари сизга Telegram’га юборган тасдиқлаш кодини киритиш учун майдон» — дейилади хабарда.

Фойдаланувчи телефон рақамини кўрсатгандан сўнг, тажовузкор дастур янги қурилмадан Telegram ҳисобига киради. Мессенжернинг ҳимоя механизми эгасини тасдиқлашни талаб қилади — бунинг учун у тасдиқлаш кодини фойдаланувчининг телефонига ёки Telegram аллақачон рухсат берилган компьютерга юборади.

«Telegram’нинг икки босқичли авторизацияси ўчирилган бўлса, телефон рақами ва юборилган код тажовузкор сизнинг ҳисобингизга кириши учун етарли бўлади. Агар сиз ушбу кодни фирибгарлар веб-сайтига киритсангиз, улар сизнинг ҳисобингизни бошқариш ҳуқуқига эга бўладилар. Масалан, уни бошқа телефонга улаш», — дейилади блогда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram’да янги функциялар пайдо бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Telegram асосчиси Павел Дуров WhatsApp фойдаланувчиларини хакерлар ҳужумидан огоҳлантирганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: