17:40 | 16.01.24
ССВ ёлғон чақириқлар сабабли аксарият ҳолларда тиббиёт бригадалари чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бора олмаётганини билдирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятида «тез ёрдам»га энг кўп ёлғон чақириқ келиб тушганини маълум қилди. Ёлғон чақириқлар сабабли тиббиёт бригадалари чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бора олмаслик ҳолатлари учрамоқда.
«Оқибатда шифокорлар ҳақиқий ёрдамга муҳтож беморлар қолиб, ёлғон қўнғироқ эгаси ва унинг манзилини аниқлаштириш билан овора бўлади. Бу эса оғир беморлар ҳаётини хавф остига қўйиши аниқ», дейилади ССВ хабарида.
Ўтган 2023 йилда «103» хизматига жами 3505 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Мазкур кўрсаткич 2022 йил билан таққосланганда асоссиз мурожаатлар сони сезиларли даражада камайганини кўриш мумкин.
Аммо шунга қарамай, айрим ҳудудларда ёлғон мурожаатлар сони ҳамон юқорилигича қолмоқда. Таҳлилларга кўра, 2023 йилнинг ўтган ўн икки ойи давомида энг кўп бундай чақириқ Тошкент вилоятида қайд этилиб, бу рақам 630 тани ташкил этган. Кейинги ўринда 518 та чақириқ билан Фарғона вилояти жойлашди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятидан 502 та ана шундай мурожаат келиб тушган. Энг кам ёлғон чақириқ эса Самарқанд вилоятида рўйхатга олинган – 19 та.
Қайд этиш керак, 2022 йилда Республика тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган 5 минг 446 та мурожаат ёлғон чақириқ деб баҳоланган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: