16:45 | 22.01.24

                       

Тўртта вилоятда газ ва электрга ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланди

134 млндан салкам 500 млн сўмгача таббий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Б.Л.» МЧЖ раҳбари Ф.Э. ва бошқалар тижорат мақсадида МЧЖга қарашли меҳмонхона биносини умумий фойдаланишдаги газ қувурига ўзбошимчалик билан улаб, 495,4 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Департаментнинг Пастдарғом туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «С.И.» оилавий корхонаси раҳбари С.Р. корхонага қарашли иссиқхона газ таъминотидан қарздорлиги сабабли тармоқдан узилган бўлсада, тармоққа ўғирлик йўли билан қайта уланиб, 318,7 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Департаментнинг Кармана туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «А.Й.» оилавий корхонаси газ таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан тармоққа уланиб, 144,9 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Департаментнинг Тошкент тумани бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Б. «Қизғалдоқ» МФЙ ҳудудида жойлашган  савдо дўконини ҳеч қандай ҳужжатсиз ўғрилик йўли билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 134,5 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: