14:01 | 13.07.24
Тошкентда аҳолидан йиғилган пулларни мансабдорлар ўзлаштириб юборди.
Учтепа туманида бошқарув сервис компаниясидаги талон-торожлик фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда тумандаги «К.Ч.» ва «Б.» маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатувчи “A.K.” МЧЖ бошқарув сервис компанияси масъул шахслари 2022 йилдан 2024 йил 1 июлга қадар аҳолидан йиғилган жами 1,6 млрд сўм маблағларни сарфланганлиги ҳақидаги чек, счёт-фактура, йўл варақаси, қайта ҳисоб-китоб қилиш ва бажарилган ишлар ҳақидаги далолатномаларни расмийлаштирмаганлиги аниқланган. Шунингдек, улар МЧЖ ҳисоб рақамига кирим қилинган 604,4 млн сўмни нақд кўринишда олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликлари маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: