13:10 | 22.11.23

                       

Тошкентда БМТнинг бўлажак иқлим конференцияси – COP-28 тақдимоти бўлиб ўтди

Тақдимот 2023 йилнинг 30 ноябр – 12 декабр кунлари БААда ўтказиладиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясини кенгроқ ёритиш мақсадида ташкил қилинган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича Тошкентда БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференциясига (COP-28) бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати

Тадбир БААнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган.

Тадбирда БААнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Дипломатик миссияси раҳбари ўринбосари Муҳаммад Ал Заҳери, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси Суна Парк, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Акромжон Фозилов, асосий давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирок этган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати

Матбуот анжумани ОАВ вакиллари ва блогерларга 2023 йилнинг 30 ноябp – 12 декабр кунлари БААда бўлиб ўтадиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясини янада кенгроқ ёритиш учун COP-28 ни тарғиб қилиш мақсадида ташкиллаштирилган.

«Бирлашган Араб Амирликлари ҳар доим иқлим бўйича ҳаракатга барча мамлакатларга тааллуқли бўлган глобал муаммони ҳал қилишга амалий ҳисса қўшиш, шу билан бирга ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш ҳамда Net Zero иқтисодиёти орқали келажак авлодлар учун билим, кўникма ва иш ўринларини яратиш имконияти сифатида қараган, — деди тадбирда нутқ сўзлаган Муҳаммад Ал Заҳери, — БАА 2016 йилда Париж келишувини имзолаган ва ратификация қилган, иқтисодиёт миқёсида эмиссияларни камайтириш мажбуриятини олган ва Net Zero 2050 стратегик ташаббусини эълон қилган минтақадаги биринчи давлат ҳисобланади».

Ўз навбатида Суна Парк БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида бирдамлик» резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурганини алоҳида таъкидлаган ва Ўзбекистоннинг глобал конференциядаги иштироки ҳақида гапирган.

«Иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит деградацияси масалалари бўйича минтақавий ҳамкорлик муҳим ўрин тутади, чунки Марказий Осиё мамлакатларини экологик муаммолар бирлаштиради. Шу боис Ўзбекистоннинг бу йилги иқлим конференциясидаги иштироки беш давлатдан иборат ягона ‘1 минтақа – 1 овоз’ Марказий Осиё павильони доирасида, шунингдек, Президент томонидан БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида бўлади. Бу қарор Марказий Осиё давлатларининг глобал иқлим платформаларида мавқеи ва овозини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинди», — деди Суна Парк.

Матбуот анжумани давомида Муҳаммад Ал Заҳери БАА раислигида БМТ COP-28 иқлим саммити концепцияси билан таништирган. Шу билан бирга, БААнинг иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича ташаббуслари, ҳаракатлари ва ютуқлари ҳақида гапирган ва Ўзбекистоннинг экология соҳасидаги ютуқлари, мамлакатнинг яшил ривожланиш бўйича тажрибаси ва Ўзбекистоннинг COP-28’даги бўлажак иштирокига тўхталиб ўтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: