18:00 | 27.07.24
Тошкентда операция қилинаётган бемор ва унинг дўстлари икки шифокорни кома ҳолатига тушиб қолгунча дўппослади. Шифокор жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Тошкент шаҳрида икки нафар шифокор бемор ва унинг ўртоқлари томонидан аёвсиз калтакланди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йил 27 июль куни соат тахминан 07:20 ларда пойтахтдаги 1-сон шаҳар клиник шифохонаси қабул бўлимига Сергели тумани, Хонобод 4-тор кўчасида истиқомат қилувчи 1997 йилда туғилган фуқаро Б.И. икки нафар ўртоғи — 1997 йилда туғилган П.И. ва С.Б.лар ҳамроҳлигида олиб келинган.
Бемор зудлик билан навбатчи травматолог-шифокор А.А. томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган. Дастлабки текширув давомида унга «Иккала қўл-билак соҳалари, кўкрак қафаси ва қорин олди деворининг кўплаб кесилган жароҳатлари. Геморрагик шок 2-3-даража» ташхиси қўйилган.
Беморнинг ҳолати оғир, шок ҳолатида дея баҳоланиб, зудлик билан қон тўхтатиш ва шокка қарши биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ҳамда қўшма шикастланишлар шошилинч бўлимининг микрохирургия ўрнига госпитализация қилинган. Соат 07:40 да танадаги кўплаб кесилган жароҳатлар инобатга олиниб, у дарҳол хирургик амалиёт ўтказиш мақсадида микрохирургия операция хонасига олиб кирилган.
Хирургик амалиётга тайёрлаш вақтида бемор шифокор-микрохирург М.Х.га жиддий қаршилик кўрсата бошлаган ва тиббиёт ходимига тарсаки тушириб, уни ҳақорат қилган.
Шунингдек, Б.И.ни тинчлантиришга уринишлар самара бермагач, у операцион столдан тушиб, шифокорни қаттиқ дўппослай бошлаган. Шундан кейин шифокор М.Х. ички ишлар органларининг 102 телефон рақамига қўнғироқ қилиб, юзага келган вазият юзасидан навбатчи қисмга маълумот берган.
Сўнг шифокор М.Х. беморнинг ўртоқлари — П.И. ва С.Б.лар томонидан ҳам калтакланган. Шу вақтда шошилинч хирургия бўлимининг навбатчи шифокори Ҳ.У. беморга хирургик амалиётни бажариш учун операцион блокка келган. Йигитлар бу тиббиёт ходимини ҳам аёвсиз дўппослаб, унга жиддий тан жароҳати етказган.
Оқибатда шифокор ҳушидан кетиб, карахтлик-кома ҳолатига тушган ва зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган.
Ўтказилган дастлабки тиббий текширувлар давомида жабрланувчи шифокорга «Бош-мия ёпиқ жароҳати. Бош мия лат ейиши ўрта даражаси. 3-бел умуртқаси чап ён қанотининг ёпиқ синиши. Бош пешона қисми терисининг шилинган жароҳати. Ўнг томонлама лаб бурчагининг ёрилиши» ташхиси қўйилиб, шошилинч реанимацион чора-тадбирлар кўрилган.
Ўтказилган даво муолажалари натижасида бугун соат 10:30 да беморнинг ҳолати бир оз ижобий томонга ўзгариб, ҳушига келган ва шок ҳолатидан чиқарилган. Аммо унда ҳали ҳам карахтлик мавжуд. Шу боис даво муолажалари жонлантириш бўлимида давом эттирилмоқда.
Иккинчи шифокор М.Х.нинг ҳолати ҳозир нисбатан қониқарли, лекин олган бош мия жароҳати ва руҳий ҳолати кескин ёмонлашгани инобатга олиниб, шифохонанинг қўшма жароҳатлар бўлими травматология қисмига госпитализация қилинган ва керакли тиббий муолажалар кўрсатиляпти.
Айни пайтда мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган. Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: