10:45 | 19.07.24
Тошкентда Темур Малик кўчасини таъмирлашда миллиардлаб маблағлар сарфланди. Қурилиш ишларининг 60 фоизи якунланган.
Тошкентда Темур Малик кўчасидаги қурилиш ишларида 140 нафар ишчилар, 200 нафардан ортиқ механизаторлар ишлаяпти. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, ушбу ҳудудда битта автомобиль ўтказгич йўли ва иккита пиёдалар ерости йўли қурилади. Биринчи пиёдалар йўли Темур Малик ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида, иккинчиси эса Темур Малик кўчасида янги қурилган масжид рўпарасида бўлади.
Айни пайтда қурилиш ишлари якунланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Узунлиги 40 метр, эни 4,5 метр ва баландлиги 2,5 метр бўлган пиёдалар ер ости йўлида ишлар давом этмоқда. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ерда зиналар, эстакада ва лифт бўлади.
Йўлнинг таъмирланган 2 километрлик қисмида ҳаракатланиш йўлакларининг умумий сони 4 тадан 6 тага кўпайтирилади. Бундан ташқари, кўприкда велосипед йўлаги, яшил ҳудуд ва кўприк устида ортга бурилиб олиш учун йўл бўлади.
Маълумотларга кўра, кўприк узунлиги 28 метр, эни 55 метр бўлиб, 4 қаторга бўлинади.
Ҳозирда ишларнинг 60 фоизи бажарилган ва яқин кунларда мазкур йўллар фойдаланишга топширилади. Реконструкция лойиҳасининг умумий қиймати 15,6 миллион долларни ташкил этган.
27 метрлик йўл ўтказгич қуриш учун 128,6 миллиард сўм, йўлнинг 2 километрлик қисмини қуриш-монтаж қилиш учун 67,9 миллиард сўм, жами 196,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: