12:50 | 07.02.24
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан «Iskander Tours» ҳамда «Oks Tours» МЧЖлар лицензияси мавжуд эмаслиги, шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда Умра хизматларини кўрсатишга қаратилган ноқонуний рекламалар жойлаштириб бораётганлиги аниқланли.
Умра хизматлари бўйича ноқонуний реклама жойлаштирган туроператорларга нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, Умра тадбирларини лицензияга эга бўлмаган ҳолда фаолият юритаётган ҳамда лицензияси бор маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорликда фуқароларни зиёратга юборишга ҳаракат қилаётган воситачилар ҳам афсуски учраб туради. Ушбу хизматларни кўрсатиш мақсадида ўз номларидан ноқонуний рекламалар жойлаштириб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Қорақалпоғистон бошқармаси томонидан айнан туроператорларнинг реклама фаолияти юзасидан мурожаат келиб тушган. Қўмитаси томонидан ҳолат ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, бугунга қадар мазкур ҳудудда бундай хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензияга эга туроператорлар мавжуд эмаслиги, улар Тошкент шаҳри ва вилоят туркомпаниялари билан ҳамкорликда зиёратларни ташкил этишда иштирок этган.
Шунингдек, мурожаатда билдирилган «Iskander Tours» ҳамда «Oks Tours» МЧЖлар лицензияси мавжуд эмаслиги, шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда Умра бўйича ноқонуний рекламалар жойлаштириб бораётгани аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, қўмита махсус комиссияси «Iskander Tours» ҳамда «Oks Tours» МЧЖларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатиб , тегишли тартибда жавобгарлик белгилаш юзасидан қарор қабул қилди. Шунингдек, турфирмаларга ушбу ҳолатни бартараф этиб, келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиш лозим бўлган кўрсатмалар берилди.
«Ҳурматли фуқаролар! Умра зиёратига боришдан аввал биринчи навбатда, хизмат кўрсатувчи корхонанинг лицензияси билан танишинг, сўнг рекламада берилган маълумотларга жиддий эътибор бериб, ишонч ҳосил қилинг. Ноқонуний рекламаларга дуч келиб, бу борада ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда Рақобат қўмитасининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилинг», дейилади қўмита хабарида.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: