20:21 | 29.09.23
Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо 500 дан ортиқ делегатлар иштирок этган анжуманда Зураб Пололикашвили мамлакатни туризмнинг янги жозибадор йўналиши деб таърифлаган.
Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) бош котиби Зураб Пололикашвили барчанининг эътиборини Ўзбекистонга қаратиб, ушбу мамлакатга саёҳат қилишга чақирди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг 27-28 сентябр кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида «Бутунжаҳон туризм куни 2023. Туризм ва яшил инвестициялар» хақларо анжумани бўлиб ўтган. Тадбир UNWTO ва Саудия Арабистони Туризм вазирлиги томонидан ташкил этилган.
Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиб, мамлакат туризм салоҳияти тақдимотини ўтказган. Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо давлатлар делегатларига Ўзбекистонда туризм соҳасида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги ривожланаётган йўналишлар ва соҳада татбиқ этилаётган яшил технологиялар ҳамда 25-Бош ассамблеяга тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумот берилган.
Шунингдек, тадбир доирасида хорижий делегатлар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилиб, Самарқандда ўтадиган Бош ассамблея ишига фаол жалб қилинган.
Тадбирда, шунингдек, Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо мамлакатларнинг 500 дан ортиқ делегатлари, жумладан 50 дан зиёд туризм вазирлари ҳамда хорижий сайёҳлик маъмуриятлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва соҳа мутахассислари иштирок этган.
Конференция доирасида қатор сессиялар ўтказилиб, уларда экология ва инсон капиталига инвестициялар, янги туристик манзиллар, барқарор туризм, соҳада таълим, инновациялар ва гендер масалалари муҳокама қилинган.
UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили тадбирда сўзга чиқар экан, барчани Ўзбекистонга саёҳат қилишга чорлаган. У ўз нутқида Ўзбекистоннинг янги жозибадор туристик йўналиш эканини таъкидлаб, Ташкилотга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларини 16-20 октябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Бош ассамблея тадбирларида фаол иштирок этишга чақирган.
Ар-Риёддаги халқаро форум якунларига кўра, 2024 йилги Бутунжаҳон туризм кунини Грузияда ўтказишга доир келишувга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тарихда илк бор UNWTO Бош ассамблеяси сессияси Ўзбекистонда бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: