13:21 | 13.09.24

                       

UzAutoMotors ва унинг дилерига нисбатан иш қўзғатилди

Сифатсиз машиналар чиқаргани учун UzAutoMotors ва унинг дилерига нисбатан иш қўзғатилди.

UzAutoMotors АЖга хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган 37 та автомобилни чақиртириб олиш юзасидан кўрсатма берилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Рақобат қўмитасига Қорақалпоғистондан фуқаро А.Д. ўзига тегишли, 2023 йилда UzAutoMotors АЖ томонидан ишлаб чиқарилган Lacetti L-Stayle МТ русумли автомобиль олинганига 5 ой ҳам бўлмасдан носозлиги туфайли ёниб кетганини, лекин ишлаб чиқарувчи томонидан ушбу ҳолат ўз вақтида бартараф этилмаётгани юзасидан мурожаат қилган.

Ушбу мурожаат қўмита томонидан кўриб чиқилганда ҳолат ўз тасдиғини топди, шунингдек, айнан шу маркали (моделли, артикули) автомобилда ёнғин чиқиши ҳолати Навоий вилоятида ҳам кузатилгани аниқланди.

Қўмита махсус комиссияси томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 14 ва 20-моддалари талаблари бузилиш аломатлари бўйича UzAutoMotors АЖ ва «ПСМ-Автосавдо» МЧЖларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган.

Қўмита томонидан ушбу ҳолат (автомобилда ёнғин чиқиши) инсон ҳаёти ва унинг соғлиғига жиддий зиён етказиши мумкинлиги инобатга олинган ҳолда, юқорида қайд этилган автомобиль билан бир вақтда ишлаб чиқарилган 37 та айнан шу маркали (моделли, артикулли) автомобилларни 10 кунлик муддатда чақиртириб олиб, техник кўрикдан ўтказиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

Шунингдек, мурожаат қилган фуқарога айни шундай маркали янги автомобиль алмаштириб берилди ҳамда истеъмолчи талаб қўйган вақтдан бошлаб ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун автомобиль баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон қўмитанинг апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: