15:31 | 14.12.23

                       

Xalq banki тўлов тизимидаги носозлик туфайли 11 млрд сўм йўқотди

Ушбу суммаларни ўғирлаган шахслар пулларнинг келиб чиқишига қонуний тус бериш мақсадида Дубайдан уй ва автомашиналар сотиб олишган.

Xalq banki’нинг Xalq mobile иловаси munis тизимида носозлик келиб чиқиб, давлат ташкилотларида амалга оширилган тўловлар ўзига тегишли банк картасидан чиқим қилинмай қолиш ҳолатлари кузатилган. Bugun.uz маълумотларига кўра, носозликни олдиндан билган бир нечта шахс ўзгалардан тўловларни нақд пул кўринишида олиб, банкка катта зарар етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан 4 киши жавобгарликка тортилиб, суд ҳукмига кўра, уларга қамоқ билан боғлиқ жазолар тайинланган.

Иш ҳужжатларига кўра, Ташқи иқтисодий фаолият «Ўзмиллийбанк» бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган 33 ёшли Фарруҳ Омонов тизимга кириб, МИБ, нотариус ва Давлат хизматлари маркази учун амалга оширилган тўловларни 4 331 ҳолатда фуқаролардан нақд пул кўринишида олиб, Халқ банкига жами 944 миллион 500 минг сўм зарар етказган. У пулларнинг келиб чиқишига қонуний тус бериш мақсадида автомашина сотиб олгани аниқланган.

Бундан ташқари, судланувчи 32 ёшли Фазлиддин Омонов Xalq mobile’даги носозликдан фойдаланиб, давлат ташкилотларига амалга оширилган қарийб 648 миллион сўмни ўзлаштирган ва ушбу пулларга 2 та автомашина харид қилган.

Ҳужжатларда қайд этилишича, 33 ёшли Фарҳод Расулов тизимда келиб чиққан носозликни била туриб, МИБ, ФҲДЁ, солиқ, ДТМ ва ИИВ ЙҲХДХ ҳужжатлари ва жарималари учун амалга оширилган нақд пул кўринишидаги тўловлардан 17 812 та ҳолатда 9 миллиардга яқин суммани қўлга киритиб, ушбу пулларнинг 312 минг долларига Дубайдан 3 хонали уй, 2 та Captiva, 2 та электромобил (BYD ва Nissan) ва яна 2 та автомашина харид қилган.

Навбатдаги судланувчи Surxonagro kimyo МЧЖ раҳбари Юсуф Эшпўлатов ҳам тўлов тизимидаги мазкур носозликдан хабардор бўла туриб, 41 та ҳолатда турли фуқароларнинг номидан МИБнинг онлайн аукцион тўловлари учун фуқаролардан қарийб 700 миллион сўм нақд пул олгани ва уни шериклари билан ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборгани аниқланган.

Биринчи инстанция ҳукмига кўра, Фазлиддин Омонов ва Фарруҳ Омонов 5 ярим йил, Фарҳод Расулов 11 йил, Юсуф Эшпўлатов эса 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Мазкур иш юзасидан Тошкент шаҳар судида апелляция инстанцияси мажлиси бўлиб ўтган. Унда Юнусобод тумани прокурори биринчи инстанция ҳукмига нисбатан протест киритиб, зарарнинг қопланган қисмини ундирилиши белгиланган суммадан айириб, ҳукмни қонунга мувофиқлаштиришни сўраган. Апелляция инстанцияси судланувчиларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришга ва протестни қисман қаноатлантириб, ҳукмнинг ундирувга оид қисмига аниқлик киритишга; шикоятларни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ажрим қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: