9:11 | 28.07.24

                       

Янгийўлдаги қотиллик бўйича қўшимча маълумотлар берилди

«Амаки, деб югуриб юрган жиянларим энди йўқ». Янгийўлда ўлдириб кетилган 5 нафар оила аъзолари ҳақида қўшимча маълумотлар берилди.

Янгийўлда бутун бошли оила аъзолари ўлдириб кетилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилди.

Қайд этилишича, 26 июль соат 06:19 ларда Янгийўл туман Нурафшон кўчасида жойлашган хонадонда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Хабарга асосан Янгийўл тумани ФВБ Ёнғин қутқарув қисми ўт ўчирувчилари томонидан воқеа жойига чиқилиб, келиб чиққан ёнғин бартараф этилган.

Хонадонни кўздан кечириш давомида 5 нафар шахснинг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган.

Улар:

  • 1991 йилда туғилган эркак;
  • 1999 йилда туғилган аёл;
  • 2021 ва 2022 йилда туғилган болалар;
  • 2018 йилда туғилган қиз бўлган.

«Мени суянган тоғим, жигарларим кетди. На боласини, на ўзини, на келинойимни ҳам ҳеч қанақа из қолдирмаган. Ҳаммасини ерга қўйдик. Мени амаки деб юрган жиянларим йўқ ҳозир. Югуриб, ерни ёрсам ҳам тополмайман уларни. Уларни ачинарли ҳолатда, қийнаб ўлдиришган. Уларни қўлдан қўлга олиб, машинага юклаб, кафан ўраш биз учун осон бўлмади. Тонг саҳар билан уйғониб, бунақа ёмон хабар эшитиш оғир бўлди мен учун, Акам бир аҳвол билан бир ерда ётганди. Ярим боши пачоқланган эди. Ҳеч нарса кўрмаган гўдаклар кетди. Ҳар бирини бошида биттадан тама бор эди. Қасддан қилишганини дарҳол билдик. Ўша инсонни ҳам одам, ота-онаси бордир. Қанақа жазо бўлса, нима бўлса чорасини қилишсин. Битмас туганмасга олишин», — деди болаларнинг амакиси.

Суриширувларга кўра, марҳумлар эр-хотин, уларнинг 2 нафар (3 ёшли ва 1 ёшли) фарзанди ва шу уйга мехмонга келган 6 ёшли қизалоқ. Қизалоқ марҳумнинг синглисининг қизи бўлган.

«Уйимдан чиқиб кетаётсам, ўт ўчирувчи машина ўтиб кетди. Ўртоғимни уйи ёнаётган экан. Қарасам, ўртоғимни олиб чиқиб кетишяпти. Орқасидан боласини олиб чиқишди. Юзини очиб қарасам, ўртоғимни юзини таниб бўлмади. Мен шокдаман. Оёғларим ҳам қалтираяпти. Кеча жанозада тўрттасини олиб чиқишди. Болаларида нима айб? Зўр инсон эди ўртоғим», — деди марҳумнинг дўсти.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) жиноят иши қўзғатилган эди.

«Кечадан бери ўзимизга келганимиз йўқ. Бошида уйда ёнғин чиқди деб хабар беришди. Кейинчалик аниқ бўлишича, қотил ўзини изини яшириш мақсадида уюштирган ёнғинни. Жуда оғир мусибат. Оилаларига чуқур таъзиямни билдираман», — деб айтди марҳумнинг синфдоши.

Эслатиб ўтамиз, бутун бошли оила аъзоларини ўлдириб кетган эркак ушлангани ҳақида маълумот берилган.