15:03 | 09.07.22

                       

Япония бош вазири биринчиси эмас: Дунё тарихидаги «энг машҳур» сиёсий қотиллик ва суиқасдлар

Уларнинг орасида тансоқчиси томонидан ўлдирилган бош вазир ва ўлими турли «фитна назариялари»ни келтириб чиқарган президент бор

Ўтган асрда дунё кун тартиби сиёсий қотилликлар ва суиқасдлар ҳақидаги хабарлар билан бир неча бор ларзага келди. Ўз навбатида, бу жиноятлар мамлакатлар ва ҳатто минтақалар келажагига кескин таъсир кўрсатди.

Фото: «Anadolu»

Яна бир шов-шувли қотиллик 2022 йилнинг 8 июлида Японияда содир бўлди, у ерда мамлакатнинг собиқ бош вазири Синдзо Абэ ўқ жароҳатидан вафот этди.

Абэга суиқасд кундузи, сиёсатчи юқори палатага сайловлар олдидан сайлов кампанияси доирасида Нара шаҳрида нутқ сўзлаётган пайтда содир бўлди. У зудлик билан касалхонага ётқизилди, аммо шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, 67 ёшида вафот этди.

Қуйида эътиборингизга таниқли сиёсий арбобларга уюштирилган суиқасдларнинг айримлари ҳақида маълумот маълумот берамиз.

Жон Фицджералд Кеннеди

АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди 1963 йил 22 ноябрда Далласда ўлдирилган. Қотил Ли Харви Освальд ҳибсда бўлган пайтида Жек Руби томонидан йўқ қилинган.

Фото: «Associated Press»

Расмий баёнотларда Руби Освальдни шахсий сабабларга кўра ўлдиргани ва ҳеч қандай ташкилот билан алоқаси йўқлиги айтилган. Орадан 59 йил ўтган бўлса-да, Кеннедининг ўлдирилиши ҳали ҳам кўп саволларни туғдирмоқда. Воқеанинг ўзи эса бир қанча «фитна назариялари»ни келтириб чиқарган.

Индира Ганди

Фото: «India Today»

Ҳиндистоннинг биринчи ва ягона аёл бош вазири Индира Ганди ҳам ҳалок бўлган етакчилар орасидан ўрин олган. Ҳиндистон бош вазирига суиқасд 1984 йил 31 октябрда икки сикх соқчилари томонидан содир этилган.

Фото: «India Today»

Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг йўқ қилинишига унинг гўёки сикхларга тегишли «Олтин ибодатхона»да ҳарбий рейд ўтказиш буйруғи сабаб бўлган.

Улоф Пальме

Швециянинг собиқ бош вазири Улоф Пальме АҚШ ва Совет Иттифоқини, шунингдек, Жанубий Африкадаги апартеид режимини ҳам танқид қилган.

Фото: «Associated Press»

Пальме 1986 йил 28 февралда рафиқаси билан борган кинотеатрнинг чиқиш жойида ўлдирилган. Ўша куни Швеция бош вазирининг ёнида тансоқчилар бўлмаган, Пальме рафиқаси билан Стокгольмнинг энг гавжум кўчаларидан бири бўйлаб уйига кетаётган бўлган.

Воқеа ҳақида ўнлаб китоблар ёзилган. Бироқ, жавобсиз саволлар бугунги кунгача сақланиб қолган.

Беназир Бхутто

Покистон тарихидаги биринчи аёл бош вазир Беназир Бхутто нафақат икки марта мамлакат раҳбариятининг олдинги сафларида бўлган, балки жиноий жавобгарликка ҳам тортилган, ҳатто мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Фото: «DW»

2007 йилда Исломободга қайтган Беназир дарҳол Покистондаги сиёсий жараёнларга қўшилган ва мамлакат президенти Парвез Мушарраф билан кескин қарама-қаршиликка киришган. Аёл сиёсатчи ҳар доим диннинг мамлакат ҳаётига таъсирини чекламоқчи бўлган ҳарбий элита ва тузум тарафдори деб ҳисобланган.

Собиқ бош вазирга биринчи суиқасд 2007 йил октябрь ойида уюштирилган. Ўшанда унга ҳеч нима қилмаган, бироқ портлашда камида 130 киши ҳалок бўлган, яна 500 киши яраланган.

Сиёсатчига қарши иккинчи суиқасд шу йили 27 декабрь куни амалга оширилган. Намойиш пайтида худкуш ҳужумчи Беназир Бхуттони икки марта отгач, портловчи қурилмани ишга туширган. Покистон тарихидаги биринчи аёл бош вазир ҳушига келмай касалхонада вафот этган.

Бюлент Эжевит

Фото: «Now Turkey»

Туркияда ҳам кўплаб сиёсий етакчиларга қарши суиқасдлар уюштирилган. Шундай уринишлардан бири грециялик томонидан АҚШда Туркиянинг собиқ бош вазири Бюлент Эжевитга нисбатан қилинган. Яна бир суиқасд 1977 йилнинг 29 майида Измирнинг Чиғли ҳудудида амалга оширилган. Ҳодиса Эжевит намойишга тайёргарлик кўраётган автобусга чиқиб кетаётган вақтда содир бўлган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: