21:00 | 22.04.24
Давлатнинг давлат бўлишида жамият, жамиятнинг эса том маънодаги жамият ўлароқ шаклланишида оиланинг ўрни катта. Демак, бугун дунёнинг кўзга кўринган жамиятларида оила институтини тузиш қай кўринишда шаклланган? Жуфтликлар ўзаро танишишда қандай мезонларга таянишмоқда? Мухтасар қилиб айтганда, Ёр-ёр кўрсатувининг интернетдаги шакли ҳақида гапириб берамиз.
Бугун биз яшаб турган оламда вақт шу қадар тезлашиб кетдики, инсонлар бир-бири билан жонли мулоқот қилиш ўрнини ижтимоий тармоқлар орқали, масофадан туриб муносабатлар ўрнатишга алмаштиришган. Вазият шунга бориб етдики, эркак ва аёл ўртасида қурилажак шахсий муносабатлар ҳам виртуал оламда ҳал бўладиган бўлиб қолган. Айниқса оила қуриш истагида юрган жуфтликлар ўз жуфтини виртуал оламдаги ўрни орқали баҳолашмоқда. Хўш, олдин қандай бўлган? Авваллари жуфтликлар танишиш, бир-бирини яқиндан билиш учун узоқ вақт сарфлашига тўғри келган ва бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлган. Ўзаро мулоқот уларнинг кундалик фаолияти ва умумий машғулот вақти билан чегараланган. Уяли алоқа телефони ва мулоқот ўрнатиш воситаси бўлмиш бошқа турли гаджетлар бўлмаган замонларда йигит ва қиз ўртада бир воситачи шахсдан бир-бирига мактублар йўллаш орқали самимий мулоқот қилишган. Ижтимоий тармоқлар ривожланган ҳозирги замонамизда оила қуришда виртуал объектларнинг «ёрдами тегаётганини» ни яққол кузатиш мумкин.
Немис олимлари эркак ва аёлларнинг тармоқларда ўзига жуфт топишда нималарга аҳамият беришлари ва у ерда ўзларини қандай намоён қилишлари ҳақида Нидерландиянинг Erasmus университети профессори Даша Колесник бошчилигидаги тадқиқотчилар жамоаси 25 та мамлакатдаги 12 минг нафардан ортиқ кўнгиллилар маълумотларини ўрганиб чиқишибди. Шунингдек Кетрин Уолтер бошчилигидаги 100 кишидан иборат ишчи гуруҳ 45 та мамлакатда ўрганишлар ўтказиб, Даша Колесник тадқиқотлари хулосалари ҳақиқат эканлигини тасдиқлади. Уларнинг фикрига кўра, иккала жинс вакиллари ҳам ўзаро танишишда муболағалар, яъни ёлғонлардан кўп фойдаланишади.
Нозик хилқат вакиллари ҳисобланган иштирокчилар тармоқларда кўринишларини бўрттириб кўрсатишга кўпроқ аҳамият беришар экан. Яъни улар ўз саҳифаларида улашаётган фотосуратларида ташқи кўринишларини янада чиройли ва хушбичим кўрсатиш мақсадида турли хил фото дастурлардан фойдаланадилар. Бунинг натижасида улар ўзлари билмаган ҳолда баданларининг табиийлигига путур етказиб, сохталикка урғу беришмоқда. Уларнинг асосий мақсади тармоқ фойдаланувчиларига, айниқса, эҳтимолий жуфтларига “Мен чиройлиман, мен ҳаммадан гўзалман” маъносида импульс юборишга қаратилган. Ўтказилган тадқиқотларда аёллар ўзига жуфт танлашда бўлажак ёрининг чиройи, қадди-қоматидан кўра кўпроқ муваффақияти, бой-бадавлат бўлишини хоҳлашар экан.
Шунингдек, ижтимоий тармоқда аёллар томонидан улашилган 4-5 омадли селфи ҳам уларнинг «ёр» сифатидаги қийматини оширади. Ҳатто, унча-бунчасига насиб этмайдиган машҳурликка ҳам эришишлари мумкин.
Бу жинс вакиллари ҳам аёлларга ёқиш учун барчага маълум бўлган усулдан, яъни ўзини бой-бадавлат, чиройли ва қиммат машина эгаси, омадли бизнесмен қилиб кўрсатиш стратегиялардан фойдаланишади. Уларнинг жуда кам қисми ташқи кўриниши ёки чиройи билан мақтанади. Улар бўлажак жуфтларининг ёш ва жозибали бўлишига алоҳида аҳамият қаратадилар. Аёллардан фарқли ўлароқ, эркаклар танишувларда кам ёлғон ишлатишлари ўз исботини топган.
Тадқиқот натижалари гендер тенглиги кучли бўлган мамлакатларда бошқача бўлиши мумкин. Сабаби, бу каби мамлакатларда истиқомат қилувчилар тармоқ саҳифаларининг имижига нисбатан эътиборли эканлиги аниқланган. Бу борадаги фарқни аёлларда кузатиш мумкин. Улар камроқ ёлғон гапириб, ундан ўзларини тийишади. Тармоқда ўзларини борича кўрсатишни афзал кўришар экан. Эркаклар эса аксинча. Гендер тенглиги устун давлатларда ҳам улар хаёлий муваффақиятларига кўпроқ урғу беришарди. Бунинг сабаби эса, улар яшаётган жамиятдаги ўз каръерасига эга аёллар ўзлариданда омадлироқ жуфтларни афзал кўришлари билан ифодаланган.
Япон халқи қадимдан ўз маданиятларига содиқ, миллатини ҳар нарсадан устун қўядилар. Бу ҳислат япон қизларида ниҳоятда кучли шаклланган. Япон миллатига мансуб гўзалларнинг кўнглидан жой олиб, улар билан жиддий муносабатга киришмоқчи бўлган ҳар бир киши, энг аввало, улар томонидан белгилаб қўйилган асосий стандартларга тўлақонли жавоб беришлари керак.
Кунчиқар мамлакат аёллари ўз жуфтига 4 та асосий шарт қўяди:
Биринчиси — тил. Япон аёли билан оила қурмоқчи бўлган ҳар қандай кишидан биринчи Япон тили ҳақида сўралади. Бошқа тиллар иккинчи даражали. Масалан, япон тилидан ташқари инглиз тилини билишингиз сизга қандайдир устунлик бериши мумкин. Лекин япон тилини билмасангиз ҳеч нарсадан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Сабаби япон қизларининг аксарияти япон тилини билмайдиган хорижликка турмушга чиқишмайди.
Иккинчиси — ўзига бўлган ишонч. Ўз кучига, салоҳиятига ишонмаган, нима хоҳлаётганини аниқ билмайдиган кишилар билан ҳам оила қурмайдилар. Ўзига нисбатдан ишончсизлик бахтсизликнинг энг сўнгги поғонаси сифатида қаралади.
Учинчиси — кафил орқали танишиш. Ўртада умумий таниш бўлиши ва у орқали танишиб, оила қуриш япон маданиятининг ажралмас қисми. Ҳар қандай ҳолатда ҳам эркак учун кимдир кафил бўлиши керак. Шунчаки кўчада чиройли қизга тўғридан-тўғри бориб ширин сўзлар гапириб, уни ўзига ром қилишга уринишларнинг оз қисми муваффақият билан тугаган.
Тўртинчиси — ростгўйлик. Шунинг учун ҳам япон эркаклари то уйлангунгача бўлган даврда маълум миқдорда ёлғон ишлатсалар-да, тўйдан кейин бу одатдан буткул воз кечишлари ёки ёлғонларининг “мисини чиқармай” юришлари керак бўлади. Кўпчилик иккинчи усулнинг унчалик самарали эмаслигини таъкидлайди.
Сабаби ёлғонни сезиш ва айтилган сўзни унутмаслик япон аёлларига аждодларидан қон орқали ўтган дейишади. Айтилган ҳар бир гапни эслаб қоладиган кишини эса алдаш душвор.
Юқоридаги тоифалардан 3 тасига мансуб бўлиб, фақат қайсидир биттасига тўғри келмаган номзодлар ҳам кўпинча рад жавобини оладилар.
Бу борада мамлакатимизда олиб борилган тадқиқотларнинг деярли йўқлиги бизни ҳайратга солди. Шунинг учун тармоқларни кузатиб ўзимиз хулоса қилишимизга тўғри келди. Facebook, Телеграм каби ижтимоий тармоқларини ўрганиш мақсадида турли танишув гуруҳларини кузатиб чиқдик. Ўзбек сегментидаги танишувларда самимиятнинг йўқлиги, ниҳоятда кўп ёлғон кўринишлар, танишмоқчи бўлаётган томонлар бир-бирини очиқдан-очиқ алдаши ва ўзаро суҳбатларда порнографик характер устунлик қилиш ҳолатларини кўриб ҳайратга тушдик. Айримларнинг гўёки жуфт топиш баҳонасида ҳатто, бир марталик жинсий эҳтиёжи учун шерик қидираётганини ҳам очиқчасига билдириш ҳоллари ҳам йўқ эмас.
Бундан ташқари, «Совчилар» номи остида фаолият ёритувчи айрим гуруҳлар ҳам эътиборимизни тортди. У ерда, асосан, номзодлар ҳақида, уларнинг ижтимоий аҳволи, касби, бўй ўлчами (ҳатто, вазни ҳам) ва номзод аёлларга ҳам, эркакларга ҳам қўйиладиган асосий талаб диний эътиқодига нисбатан эканлигига гувоҳ бўлдик. Аксарият ҳолларда, қидирилаётган номзод аёл бўлса, 5 маҳал намоз ўқиши, ҳижобли бўлиши талаби илгари сурилган.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида «иккинчи хотин» деб номланадиган эълонлар ҳам кўпайганлига гувоҳ бўлдик, кузатувларимизда 35-45 ёш орасидаги эркак номзодларнинг 18 ёшдан 28 ёшгача ўзига иккинчи хотин излаётган ҳолатлари анчагина эканлиги ўз исботини топди. Умуман олганда иккинчи хотиннинг чиройли ва шаддод бўлишига ҳам урғу берилар экан. Номзод эркак ўз уйга имконяти бўлмаса, «учрашиб туришга ҳам бўлаверади», деган таклифлар ҳам йўқ эмас.
Энг ачинарлиси, ҳали ўспиринлик довонидан ўтиб улгурмаган 16-20 ёш оралиғидаги йигит-қизлар «замонавий танишиш» қурбонига айланишмоқда. Олтин ўрталикни тополмай, ҳар не бўлса меъёр билмас ёшларимиз бугун виртуал ҳаётга шунчалик шўнғиб кетишганки, халқимиз учун азал-азалдан муқаддас саналган оила ва у билан боғлиқ қадриятларга эскилик сарқити сифатида қаралмоқда.
Биргина Япон ва Ўзбек жамиятларини солиштирма таҳлилини қиладиган бўлсак, япон қизларининг бўлажак турмуш ўртоғига қўядиган биринчи талаби – япон тилини билиш. Бу орқали японларўз она тилида сўзлай олиш нақадар муҳимлиги, жамиятнинг дастлабки бўғини ҳисобланган оила қуришда давлат тилини билиш талабининг қўйилиши билан ўз миллатини нақадар қадрлашини кўришимиз мумкин.
Биздачи? Оила қуриш учун зарур саналган инсонийлик ва миллийлик мезонлари инобатга олиниш тугул, баъзи ёшлар томонидан кераксиз, абсурд тушунча сифатида қаралади. Ўзбек тилини билиш-билмаслик ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, бу нарса турмуш қураётган икки ёш ҳаёлининг энг чекка нуқталарини ҳам кесиб ўтмайди.
Хўш, биз нега бу аҳволга келиб қолдик? Қизларимиз эрга моддий тўкин ҳаётни таъминловчи восита, йигитларимиз уйланишга ўз шаҳвоний ҳирсини қондиришнинг қонуний йўли сифатида қарай бошлашигача ким ёки кимлар қўйиб берди? Ўзимиз! Ҳа, айни ўзимиз. Миллат ойдинлари гўё илм ташвишида ўзи билан ўзи овора, бугуннинг ота онаси эса фарзандимни моддий таъминлаб қўйсам, ҳеч нарсадан кам қилмай ўсдирсам, деган енгил қарашлар билан, пул топишга шўнғиб кетган.
Бу ҳолат кенг ўзбек жамоатчилигига, ўзбек социологик олимларига, энг аввало, фарзанд тарбиялаётган ота-оналарга жиддий сигнал бўлиши зарур. Асрлар давомида оила қуришга боғлиқ қадриятларнинг қандайдир 5-10 йил ичида йўққа чиқишига йўл қўйиб беролмаймиз. Мадомики “менга нима” қабилида ҳаммасини шунчаки ўз ҳолига қўйиб қўйсак, вақт ўтиб бунинг бадали биз учун жуда оғир ва қимматга тушиши мумкин.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: