Ўзбекистон Франция билан алоқаларини стратегик шериклик даражасига кўтаради
Шунингдек, мамлакатлар ўртасида саккизта икки томонлама ҳужжат имзоланди.
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Франция давлат раҳбарларининг учрашуви якунида Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон томонидан қўшма баёнот қабул қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати берган хабарга кўра, баёнотда икки давлат ўзаро алоқаларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиши қайд этилган.. Шунингдек, президентлар ҳузурида ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари бўйича саккизта икки томонлама ҳужжат имзоланган. Жумладан:
«Самарқанд Француз Альянси»ни ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисида ҳукуматлараро битим;
Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукуматлараро молиявий баённомалар (1- ва 2-босқичлар);
Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлиги ва «ПРОПАРКО»ни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;
ташқи ишлар вазирликлари ўртасида дипломатик кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;
мактабгача, мактаб, профессионал ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича баённома;
маданий мерос соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;
профессионал ва техник таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишув.
Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда «SUEZ» ва «Bouygues» компаниялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида декларациялар имзоланган.