16:16 | 13.11.23
Шунингдек, Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича конвенция ижрочи котиби Иброҳим Тиау ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ҳам ушбу боғда дарахт ўтқазган.
БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида Самарқандда CRIC21 яшил боғи барпо қилинган.
Bugun.uz мухбири хабар беришича, тадбирда БМТ Бош котиби ўринбосари, Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича конвенция ижрочи котиби Иброҳим Тиау, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда хорижий делегациялар вакиллари иштирок этган.
Тадбир давомида CRIC21 яшил боғида 1000 туп дарахт кўчатлари ўтқазилган.
Маълумот учун, боғ ҳудуди 2,5 гектарга тенг бўлиб, аҳоли учун хизмат қиладиган жамоатчилик боғига айлантирилади.
Таъкидлаш жоизки, дарахтга эҳтиром ва унинг рамзийлиги кўҳна ўзбек анъаналаридан биридир. Моддий ва номоддий маданий меросимизга назар ташлар эканмиз, жамият ва табиат ўртасидаги муносабатлар кўп ҳолларда айнан дарахт рамзи билан ифодаланишига гувоҳ бўлиш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган Yashil makon умуммиллий лойиҳаси бугун анъанага айланган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан Yashil makon умуммиллий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон бўйлаб дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.
«Оролда ҳудудий томондан кенгайишларни айтадиган бўлсак, муболаға бўлмайди. Бу уникал тажриба, дунёда йўқ бу тажриба. 1 миллион 700 гектар Орол тубини уммонга айлантириш, очиғини айтганда, мутахассислар билан гаплашаяпмиз, улар ҳайратда қолмоқда. Улар айтадики, минг афсус, Ўзбекистонда қилинган шундай ишлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлмоқчимиз. Бу тажриба керак бўлса бошқа давлатларга ўрнак бўладиган тажриба», – дея айтиб ўтган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.
Хусусан, ушбу лойиҳа бошланганидан бери ўтган икки йилда уй-жой массивларида 1 минг 200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилган.
2023 йилда эса 25 октябрдан 1 декабргача «кузги дарахт экиш мавсуми» эълон қилинди, унинг доирасида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.
Қолаверса, ўрмон хўжаликларида 5 миллион дона дарахт экиш, чиқинди полигонлари атрофида ва йирик саноат корхоналари ҳудудида «яшил белбоғ» яратиш, дала четларида 20 миллион туп терак, тут ва узум экиш, боғча, мактаб, олийгоҳ ва шифохоналар ҳудудида 3,5 миллионта кўчат экиш, Оролнинг қуриган тубида 100 минг гектарда «яшил қоплама»ларни барпо этиш кўзда тутилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: