19:17 | 24.11.23

                       

Ўзбекистондаги бозор нархларига қайси бозорлар мўлжал бўлиши айтилди

Нархлар асосан, қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларига асосланган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан берилган маълумотларга кўра, 2023 йил 24 ноябр ҳолатига республика бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари юзасидан «Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» АЖ (Қўйлиқ улгуржи бозори),  гўшт маҳсулотлари бўйича эса «Эски жува деҳқон бозори» АЖ (Чорсу)да шаклланган нархлар мўлжал бўлиб хизмат қилиши аниқланган.

Фото: Bugun.uz

Тадбиркорлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликларининг таклифларини инобатга олган ҳолда, асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларини кузатиб бориш услубий қўлланмаси ишлаб чиқилган ҳамда  бозорларга келтирилаётган маҳсулотлар нархларини онлайн режимда кунлик мониторинг ва эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилмоқда.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати

Жумладан, Қўйлиқ улгуржи бозорида 28 турдаги мева, сабзавот, дуккакли ва гуруч маҳсулотлари нархлари бўйича маълумотлар эрталаб соат 5:00 дан 7:00 га қадар; Чорсу бозорида мол ва қўй гўшти нархлари бўйича маълумотлар эрталаб соат 5:00 ва 8:00 оралиғида йиғилиши белгиланган.

Фото: Bugun.uz

Ушбу тизимнинг амалиётга жорий қилиниши илк босқичда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер ва деҳқонлар ҳамда улгуржи ва чакана савдодаги тадбиркорлар учун зарурий маълумотлар базаси вазифасини бажаради. Хусусан:

а) деҳқон ва фермерлар учун маҳсулотларни сотиш бўйича шартномалар тузишда даланинг ўзида жорий нархлар тўғрисида маълумотларга эга бўлиш имконини беради;

б) ушбу тизимдаги нархлар республиканинг бошқа ҳудудларидаги улгуржи ва чакана нархларнинг шаклланишига мўлжал бўлиб хизмат қилади ҳамда келгусида таҳлил ва қарор қабул қилишда маълумотлар базасини шакллантиради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: