13:18 | 30.09.23

                       

Ўзбекистоннинг 3 вилоятида 2027 йилгача 4 та янги ИЭС ишга туширилади

2022 йилда янги ИЭСларни ишга тушириш бўйича тарихий рекорд ўрнатилган.

Сурхондарё, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 2027 йилга қадар тўртта янги иссиқлик электр станциялари ишга туширилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Энергетика вазирлиги берган маълумотларга кўра, сўнгги 4-5 йил ичида Ўзбекистонда электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш, аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида янги иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича хорижий компаниялар билан жами 10 та битим имзоланган.

Ушбу битимларга асосан, 2027 йил якунига қадар Ўзбекистонда умумий қуввати 6 минг 457 мегаваттга тенг бўлган 10 та замонавий иссиқлик электр станцияси ишга туширилади.

Таъкидланишича, инвестиция лойиҳалари Германия, Франция, Нидерландия, Япония ва Туркия давлатларининг халқаро тажрибага эга бўлган компаниялари томонидан умумий қиймати 4,3 миллиард АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.

Вазирлик ҳисоботида қайд қилинишича, соҳада тизимли олиб борилган ишлар натижасида 2022 йилда Ўзбекистоннинг 4 та вилоятида (Бухоро, Тошкент, Хоразм ва Сирдарё вилоятлари) умумий қуввати 1 минг 374 мегаватт бўлган 6 та янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилган.

Ўзбекистон тарихида бир йилда мана шундай йирик ҳажмдаги янги иссиқлик электр станциялари ҳали ишга туширилмаган бўлиб, сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2022 йилда бу йўналишда тарихий рекорд ўрнатилган.

Бундан ташқари, хорижий компаниялар билан имзоланган битимларга асосан, 2027 йилга қадар Ўзбекистонда умумий қуввати 5 минг 83 мегаватт бўлган 4 та янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган. Хусусан:

  • 2023 йил якунига қадар Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут тумани ҳудудларида умумий қуввати 1 минг 500 мегаватт;
  • 2025 йилда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида қуввати 450 мегаватт;
  • 2026 йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қуввати 1 минг 573 мегаватт;
  • 2026 йил якунига қадар Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида қуввати 1 минг 560 мегаватт бўлган янги иссиқлик электр станциялари ишга туширилади.

Буларнинг фаолияти йўлга қўйилиши эса ишлаб чиқариладиган электр энергияси миқдорини ошириб, унинг ҳатто мамлакатнинг энг олис қишлоқларига ҳам етиб боришини таъминлашга хизмат қилади.

«Аммо ҳар қандай инвестор албатта фойда олишни кўзлайди. Шу сабабли юқорида саналган йирик иқтисодий лойиҳалар энг аввало иқтисодий томондан ўзини оқлаши керак. Йўқса, зарар билан ишловчи ҳар қандай йирик лойиҳанинг умри узоқ бўлмайди.

Ўзбекистонда энергия нархи бозор нархидан бир неча баробар арзонлиги ҳисобга олинса, йирик энергетика лойиҳаларининг зарарини яна давлат кафолатлари остидаги субсидиялар орқали ёпишга тўғри келади. Бу эса аҳволни бадтар ёмонлаштиради, келгуси лойиҳаларни тўхтатиб қўяди.

«Шу сабабли энергетика тизими бозор қоидалари асосида ишламаса, ҳар қандай лойиҳа кўзланган самарани бермайди. Иқтисодиёт ривожланиши секинлашади. Шунинг учун энергетикада тарифларни қайта кўриб чиқиш масаласига, нархларни эркинлаштиришга ва бозорга яқинлаштиришга бугуноқ киришилиши керак», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги тизим нима учун зарар билан ишлаётганини очиқлаган эди. Шунингдек, Ўзбекистон энергетик барқарорлигига асосий тўсиқ қайсилиги маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: