15:07 | 26.10.23
Франк-Валтер Штайнмайер Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига муваффақият тилаган.
Ўзбекистоннинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Ахатов Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайерга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда Dunyo ахборот агентлиги хабар берди.
Тақдимот маросимидан сўнг бўлган суҳбат давомида икки давлат ўртасидаги муносабатнинг жадаллашгани ва ҳамкорлик кенг кўламли йўналишларни қамраб олганини Германия раҳбари таъкидлаган.
Шунингдек, ГФР Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдириб, республика раҳбарияти ҳамда халқига муваффақият ва фаровонлик тилаган.
Маълумот учун, Дилшод Ахатов ушбу лавозимга тайинлангунига қадар 2020-2023 йиллар Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасига раҳбарлик қилган.
51 ёшли элчи Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тамомлаган.
ТИВ тизимида стажёр сифатида иш бошлаб, бошқарма ва Бош бошқарма бошлиғи, ташқи ишлар вазири ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.
2010-2013 йилларда Германияда элчи, Швейцария, Чехия, Швеция ва Испанияда эса ўриндошлик асосида элчи бўлиб ишлаган.
Дилшод Ахатов 2017-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Германиядаги дипломатик миссиясига раҳбарлик қилган Набижон Қосимов ўрнини эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси дипломатик миссиясини якунлагани хабар қилинганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: