13:50 | 11.04.22

                       

Хоразмда «Қишлоққурилишбанк» ходими 30 млн сўм пора билан ушланди

У фуқароларга ипотека кредити орқали уй олиб беришини айтган

Хоразм вилояти Хонқа туманида фуқароларга уй олиб беришда ёрдамлашиши учун 30 миллион сўм олган банк ходими ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Хонқа тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Аниқланишича, АТБ «Қишлоққурилишбанк» Хонқа филиалининг катта кассир-назоратчиси Э.К. фуқаролар С. ва Н.га Урганч шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйларни сотиб олишда ёрдамлашишини айтган.

У уйларнинг 2 тасини субсидия асосида 20 йиллик ипотека кредити орқали олиб беришни ваъда қилиб, олдиндан келишилган 30 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда собиқ банк ходими фуқароларнинг 156,3 миллион сўм пулини ўзлаштиргани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: