16:38 | 30.04.22

                       

Ўзбекистонда айрим ногиронлиги бўлганларга нафақа билан бирга стипендия ҳам берилади

Президент бу бўйича қарорни имзолади

«Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот канали хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари томонидан имзоланган ҳужжатга кўра, қуйидагилар 2022 йил 1 июлдан:

  • оилавий болалар уйларининг сақлаш харажатлари учун давлат бюджетидан маблағ ажратишда бир нафар тарбияланувчига тўғри келадиган харажатлар ҳамда болалар сонидан келиб чиқиб, зарур маблағлар коммунал харажатлар билан бирга ота-оналар номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилади;
  • жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда ҳамда ногиронлиги бўлган болалар касб-ҳунар мактабларида ишловчи техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорда устамалар тўланади.

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларни Республика мақсадли китоб жамғармаси орқали бадиий адабиётлар билан мунтазам таъминлаш учун ҳар йили 5 миллиард сўм йўналтирилади. 2023–2025 йилларда 10 та ҳудудда реабилитация марказига эга бўлган «Имкон» кўп тармоқли ихтисослашган боғчалар ташкил этилади

Қарорга кўра:

  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уларга давлат томонидан иккиламчи бозордан олиб берилган уй-жойларни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўз номига расмийлаштиришда нотариус ва кадастр хизматлари учун (олди-сотди шартномаси ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш) давлат божи тўлашдан озод этилади;
  • етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга давлат ОТМда озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситалари харид қилиш учун маблағ ажратиш амалиёти нодавлат олий таълим муассасалари талабаларига ҳам татбиқ этилади;
  • 1 июндан «Ишга марҳамат» мономарказларида инклюзив таълим асосида касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси билан бир вақтда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик стипендия тўлаб берилади.

Шунингдек, 1 майдан «Саховат» уйларида яшовчи зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга шахсий сарф-харажатлари учун ҳар ойда тегишли нафақа миқдорининг 20 фоизини тўлаш тартиби жорий қилинади.

Келтирилишича, Афғон урушида иштирок этган ногиронлиги бўлган жангчи-фахрийлар индивидуал ўлчовлар асосида тайёрланадиган тегишли замонавий протез-ортопедия мосламалари билан таъминланади.

2023 йил 1 январдан:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги учун пенсия тайинлангандан кейин ишлаган фуқароларнинг иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда, ногиронлик пенсияси миқдорлари ҳар икки йилда қайта ҳисобланади;
  • ҳудудий жамоат фондлари ҳисобидан Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти ҳамда Ногиронлар ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларига давлат субсидияси ажратилади.

Шу билан бирга, 2022–2023 йилларда давлат ижтимоий муассасаларининг қуриш ва таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 600 миллиард сўм йўналтирилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия берилиши ҳақиада хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: