16:02 | 30.09.24

                       

Шавкат Мирзиёев Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтига борди

Шавкат Мирзиёев Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтига ташриф буюриб, янгиланган шароитлар билан танишди.

Давлат раҳбари 30 сентябрь куни Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, институт бундан 90 йил олдин, 1934 йилда очилган. Шунга бағишлаб, бу ерда музей ташкил этилган. Унда жадид боболаримизнинг илмга эътибори, Абдулла Авлоний асос солган маориф тизими, ўша даврдаги дарсликлар ва саҳна асарлари, умумий таълимнинг ривожланиш босқичлари акс этган. Сунъий интеллект ёрдамида маърифатпарвар жадидлар қиёфаси гавдалантирилган. Шу ерда қарийб 88 минг китоб фондига эга кутубхона ҳам бор. Давлат раҳбари ушбу музей ва кутубхонани кўздан кечирди.

Келтирилишича, институт ўқув дастурида бунга катта эътибор қаратилиб, директорлар мактаби ташкил этилган. Замонавий таълим талабидан келиб чиқиб, институтда ўқиш соатлари кўпайтирилди. Ўқитувчиларга муносиб шароит яратиш мақсадида ётоқхона замонавий таъмирланиб, ўринлар сони оширилди.

Президентимиз ушбу хоналарда бўлиб, янги қулайлик ва имкониятлар билан танишди.

– Бу институт кутиб ўтирувчи эмас, тарғиботчи, етакчи бўлиши керак. Ҳудудлардаги ўқитувчи ва директорларни кўпроқ таклиф этиб, барча мактабларда сифатни ошириш зарур. Янги замон кишиси, келажагимиз бунёдкорлари мактабда тарбияланади. Таълимсиз келажак йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу ерда дарс берадиган ўқитувчи ва мураббийларни хорижда ўқитиш, дунёдаги илғор тажрибаларни уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

2024 йилнинг ўтган даврида институтда 4 минг 300 нафарга яқин таълим муассасалари раҳбарлари малака оширди. Шунингдек, 2 минг нафарга яқин директор ва директорликка номзодлар менежерлик курсларида ўқитилди. “Узлуксиз касбий таълим” платформаси орқали дарсларда 113 минг нафардан ортиқ педагоглар қатнашди.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: