8:36 | 04.12.21

                       

Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчиларига қанча маош тўланиши маълум бўлди

Президент бу бўйича қарорни имзолади

Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни «ЎзА»да эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, қарор билан маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчиларига қанча маош тўланиши белгиланган. Унга кўра, ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланган:

  • хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида (4 миллион 932 минг сўм);
  • хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6,5 баравари миқдорида (5 миллион 343 минг сўм);
  • хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида ( 5 миллион 754 минг сўм).

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаларини амалга оширишда фойдаланадиган молиявий инструментларнинг 2022 йил учун манбалари этиб қуйидагилар белгиланган:

а) оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар — 10 триллион сўм;

б) аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун ажратиладиган маблағлар — 1 218 миллиард сўм, шундан:

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан иш билан банд бўлмаган аҳолига тадбиркорлик қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун субсидиялар, кредит ресурслари ва бошқа харажатлар учун — 785 миллиард сўм, иш билан банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка ўқишга йўналтириш учун — 210 миллиард сўм;

Жамоат ишлари жамғармасидан ишсиз аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш харажатлари учун — 222 миллиард сўм;

в) Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган субсидиялар — 50 миллиард сўм;

г) ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун кўзда тутиладиган маблағлар — 250 миллиард сўм;

д) «Саховат ва кўмак» жамғармаси, «Аёллар дафтари» жамғармаси, «Ёшлар дафтари» жамғармаси — 851 миллиард сўм миқдорида.

Қайд этилишича, ҳоким ёрдамчиларига тўланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори номзоднинг ушбу лавозимга ишга қабул қилингунгача аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган тақдирда етишмаган қисми Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсация қилиб борилади.

Қарорда, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ва унда қуйидагиларни белгилаш топшириғи берилган:

  • бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида турар жой ижараси харажатлари учун компенсация тўлаш;
  • иш фаолиятида яхши натижаларга эришган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакилларини ҳар ой мукофотлаш;
  • ҳоким ёрдамчилари иш ҳақининг аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган қисмини компенсация қилиб бориш;
  • ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётган республика вакилларининг транспорт харажатлари, шунингдек, бир ойда бир маротаба доимий яшаш жойига темир йўл транспортида бориб келиши учун компенсация тўлаш;
  • йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган республика вакилларига ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун уй-жой қийматининг 50 фоизигача субсидия тўлаш.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳокимларга яна бир ёрдамчи тайинланиши хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: