21:39 | 23.04.24

                       

Тошкентда эркак миллийликни тарғиб қилган аёлларни ҳақорат қилди

Тошкентда эркак миллийликни тарғиб қилган аёлларни ҳақорат қилди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат йўллади.

Ижтимоий тармоқларда миллийликни тарғиб қилган хотин-қизларнинг кийимларини муҳокама қилиб, уларнинг қадр-қимматини камситишга, обрўсизлантиришга қаратилган фикрлар тарқалди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

«2024 йилнинг апрел ойида ўтказилган миллий либослар намойишига бағишланган тадбир иштирокчиларининг ижтимоий тармоқларда Дилмурод Абдурашидович Маллаев номли фойдаланувчи томонидан  видео чиқиш орқали ҳақоратланишини юртимиз хотин-қизлари  шаъни ва қадр-қимматини  камситиш  деб билади ва бу ҳолатни кескин қоралайди.

Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ушбу видео пост муаллифи бўлган тармоқ фойдаланувчисининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинганлигини маълум қилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, қўмита ушбу ҳолатга фаол муносабат билдирган жамоатчилик вакилларига миннатдорлик билдирган.

«Ҳой, шилталар, миллий либос ундай бўлмайди. Шу миллий либос деб олганимизда ҳам ЛГБТ ларга қолибдими, миллийликни тарғиб қилиш. Ҳой, шилталар, ҳозир шу ҳақида пост жойлаймиз», — дейди Дилмурод Маллаев ўзининг видеосида.

Бундан ташқари тадбир ташкилотчиси Диёрахон Абдужабборова Bugun.uz’га ижтимоий тармоқдаги ушбу фойдаланувчи устидан Ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилганини маълум қилди:

«Бизнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги ‘Замонавий аёллар клуби’ номли гуруҳимиз 2021 йили ташкил топган, бу йил уч ёшга тўлди. Гуруҳимиз жамоатчилик фаолларидан тортиб уй бекаларигача, нафақахўрдан тортиб талабагача, умуман, турли қатлам, турли қараш вакилаларидан ташкил топган. Жамиятдаги энг актуал масалаларни, ислоҳот ва янгиликларни, ва албатта, аёлларга тегишли мавзуларни муҳокама қиламиз, тажриба ва фикр алмашамиз. Гуруҳимизнинг бош мақсади – миллий либосларимизни, атрибутларимизни тарғиб қилиш ҳисобланади.

Гуруҳимиз аъзолари билан ҳар баҳор анъанага мувофиқ ‘Атлас пати’ маросимини ўтказиб келамиз, унга республикамизнинг турли ҳудудларидан аёл-қизлар ташриф буюришади. Тадбирларимиз тармоқ фойдаланувчилари томонидан доимо илиқ кутиб олинади. Бу йилги тадбиримиздан сўнг негадир чиқишларимиз ҳақида айримлар турли ҳақоратомуз постлар ёзиб, тадбирда иштирок этган аёлларни камситишга уриниб кўришди, тадбир расмларини турли ҳақоратомуз изоҳлар ёзиб тарқатишди. Раҳбар хонимларнинг ўзи миллий либосларни хорижда тарғиб қилиб кийиб юрган бир пайтда миллий либосларга бунчалик нафрат ва хужумни қандай тушунса бўлади? Биз Дилмурод Маллаев исмли шахснинг видео ва постларини илова қилган ҳолда Ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилдик», — дейди ташкилотчи.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: