7:59 | 29.02.24

                       

1 млрд сўмдан ортиқ бўлган учта давлат харидида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди

Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйган шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масофавий мониторинг тартибидаги ўрганишларида умумий қиймати 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган учта давлат харидида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.

Жумладан:

  • Тошкент шаҳар 5-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонаси буюртмачилигида жорий йилнинг 30 январь куни иссиқ овқат билан таъминлаш бўйича аутсорсинг хизмати юзасидан ўтказилган 432,0 млн сўмлик;
  • Чапқирғоқ-Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси буюртмачилигида жорий йилнинг 9 февраль куни электродвигател харид қилиш юзасидан ўтказилган 79,9 млн сўмлик;
  • Аму-Бухоро машина канали Олот туман бошқармаси буюртмачилигида жорий йилнинг 14 февраль куни труба ва лист сотиб олиш юзасидан ўтказилган 533,2 млн сўмлик давлат харидларида Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 20-моддаси (харид комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Қарори билан тасдиқланган Низомнинг бир қатор талаблари бузилишига йўл қўйилган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш баённомаларини бекор қилиш тўғрисида буюртмачиларга Агентликнинг тақдимномалари киритилди.

Агентликнинг тақдимномаларига биноан юқоридаги давлат харидлари бўйича харид комиссиясининг баённомалари бекор қилиниши таъминланди.

Шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйган шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: